Зуҳалдан…
Мен хабарчи бўлдим деб, шошади сабо,
Энди соғинч дийдорга беради сабоқ.
Қўнғироқни чалади ташқари йўлак,
Қулф бепарво боқади,
юмуши бўлак.
Мўралайди бир кўзли эшик қўриқчи,
Чарс ёнади чироқлар мисли йўриқчи.
Икки табоқ очилар остона ҳатлаб,
Меҳмоннавозлик дилда азалий матлаб.
Дарпардалар йўл очса, ҳайрона дарча.
Тушалиб ётар қат-қат бахмал кўрпача.
Болишлар ёнбошига суянар аста,
Хона хушвақт сурурга тўлар бир пасда.
Меҳру оқибат тарзи
урф-одатга мос,
Хонтахта саховати хонзодликка хос.
Уй соҳиби суҳбатга топади қалов,
Уй бекаси пазанда, дамлайди палов.
Дастурхоннинг дастури тўкин ноз-неъмат,
Дуогўй ҳовучига
ёғилгай раҳмат.
Меҳмон атойи Худо дерлар азалдан,
Ўзбек қучоқ очади
келса зуҳалдан.
Изоҳ: “зуҳал” – сайёра, олис макон.
Муслима ҲАМРОЗ
06.03.2026 йил


