Сўзана
Игна сирғалади бармоқ учида,
Илҳом ошёнида мақом базми бор.
Ипак қатимларда оҳанг жилоси,
Исён кўнгилдадир, авжи довулдор.
Кўнглим – сўзона.
Синча ангишвана кўзлари сўқир,
Санчиқли кўнгилдан томади зардоб.
Суҳробий нурларга меҳримни қўшиб,
Сўзларни безайман, нақшинкор зарбоф.
Кўнглим – сўзани.
Кашта жонланади, кўнгил сўзана,
Кашшоф туйғусига кетсам қоришиб.
Камёб чизгиларда хаёл тасвири,
Кимхобсўз товланар, қалбим ёришиб.
Кўнглим – сўзана.
Изоҳ: “суҳроб” – (форсий) қизил ёғду; “кимхобсўз” – ипаку зарҳал сўз.
Муслима ҲАМРОЗ
04.03.2026 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


