
Туркий тил
Ўрхун-Энасой йўллайди садо,
Қадим Туркистон овози келар.
Олтой тиллардан таралгай нидо,
Ёдлаб ардоқлар туркона эллар.
Туркий лаҳжалар ўхшашдир шархи,
Ёзма ёдгорлик сўйлайди ҳамон.
Ўзбек, озару қирғизнинг фахри,
Туркман, қозоқ-ла сўзлашар замон.
Туркий тил билан тиллашмоқ учун,
Турон нидосин англамоқ жоиз.
Ўзбек сўзини тинглайди очун,
Буюк аждодлар мероси боис.
Қалбда оташи чатнатса учқун,
Тарих битиги ўчмайди беиз.
Кўҳна заминнинг улуғвор кучин,
Этгай намоён, эмасдир ожиз.
Сўзлар учади мисоли лочин,
Турфа дунёда бирлашган элмиз.
Она тилимни севмайин нечун,
Қониб тинглайман сайраса қўбиз.
Ёниб тараннум этгаймиз хушъун,
Турон овозин янгратган ўзмиз.
Тилни ардоқлар қалбдаги қонун,
Дилдан туркона таралган сўзмиз.
Муслима Ҳамроз
17.03.2023 йил

