Муҳаббат ирмоғи ишқ уммонига оқгувчи Мансуралар
Муҳаббат қуёши уфққа бош қўйиб тин ололмас. Ишқ ўти гуркираб порлайверади, порлайверади…Унинг тафтидан дил қизариб ял-ял ёнади. Муҳаббат зиёси фикр нуқсини куйдиргувчидир;
Ҳузур инжуларини симириб тўёлмаган абру найсонлар муҳаббат фазосида безовта сузади. Ўз-ўзига сиғмай тўлиб тошган булутлар томчилаб тўкила бошлайди, тўкилаверади, тўкилаверади…ишқ саҳросини суғормоқ илинжида. Ахир Еру Осмон покланиш шайдоси;
Муҳаббатнинг ошуфта ойу юлдузлари мусаффо осмонидан хокисор пойига ёлқин бўлиб тўшалади, кўнгилни юксакка кўтармоқ учун. Ҳарир камалаги ҳалинчагида учавериб дили яйрайди, учаверади такрор ҳаловатга йўғрилиб. Кўкнинг бағри кенглиги ва саодатли ҳаётга тўла бўлганлиги боис;
Муҳаббат денгизи жўшиб тўлқинланади, тўлқинланаверади, тўлиб тошиб. Зоҳирдан ботинга ботиндан зоҳирга кўчаверади, кўчаверади…интиқиб. Ҳар бир ирмоғи ишққа оқгувчидир, унда ишқ уммонига туташмоқ умиди мавжланади;
Муҳаббат ниҳоли гуркираб кўкка интилувчидир. У мавжуд экан туб отиб ишқ томирига туташиб кетиш чанқоқлигини ҳис этади. Ишонч устуни ўзагига айланиб бўй чўзиш, ўсиш машқидан завқланади;
Муҳаббат қушлари фақат булбулсифат ва хушовоздир. Ошиқлик навосини мадҳ этиб сайрайди, сайрайверади, сайрайверади…Токи ишқ маъвоси дил торларини маҳв этмагунича. Улар шубҳасиз дил изҳорининг таржимонларидир;
Ягона тимсол сифатида кўнгил гулзорида муҳаббат меҳригиё бўлиб гуллайди ва унинг ишқ ифори қалб бўстонида нафис таралади, таралаверади, таралаверади…хушбўйлари ила дилларни маст этиб. Севгининг гул-гул очилган рухсори улар;
Меҳру муҳаббат дардчил қалб гўзаллигини яратади. Унинг мусаввири мўйқалами тахаюлнинг нурли чизгиларига айқашиб кетади. Ўзи яратган сиймосида қайта туғилади ва сурурваш вақт қадри суратини қайта-қайта энтикиб томоша қилади;
Муҳаббатнинг кўзларига ошиқлик пардаси эниб, севимли хилқатни ҳусн-малоҳатга буркайди, буркайверади, буркайверади…Шундан у фақат гўзалликни кўради ва ишққа инон-ихтиёрини топшириб, маҳбублик назари билан жозибадор дунё қалбига сирли боқади.
Муслима Ёдгорова