
Ёлғон
Хаёлдан тўкилган сўзлар зарбидан,
Мисралар лопиллар измидан чиқиб.
Назмий қаторларда ҳисларни пойлаб,
Пириллаб учгайдир зоғчадек чўқиб,
Ёлғончи дунёда чин сўздан чўчиб.
Булбулбоғ бегона, ноз-фироғи йўқ,
Нечун йўлламайди ташбеҳ ноласин.
Сўз мулки зориққан нур-у навога,
Хассослик безамас шуур толасин,
Ёлғончи дийдиё сохта воласин.
Бу не маломатдир “валломат” ўзи,
Битган ҳар назмидан тўкилар ғараз.
Асил шеъриятдан мосуво назми,
Шоирлик рутбаси ёлғон бир фараз,
Ёлғончи дунёда синиқар минг дарз.
Ғавғолар солади кўксига уриб,
Шеърият кўшкига даъвоси юксак.
Замон кўтарса-да чапакларида,
Мезон ўлчовида сохтакор бешак,
Алдамчи дунёга рост қалам керак.
Муслима Ҳамроз
18.06.2025 йил
Изоҳ: Вола-ҳайрат; мезон-тарози; рутба-унвон, даража.


Подписаться
0 комментариев
Старые