Қиш чизгилари: Фикр зарраси
Соф ҳавога инолмай сочилиб ҳар ён,
Заминга тўшалиб ёғар оппоқ қор.
Кўнгил ҳавосига фикр ёғганда беун,
Ташбеҳи озорсиз, сирри беғубор.
Қор парчалар шаклига мафтунман, ҳайхот,
Ўхшаши йўқ нақшчалар учар нозланиб.
Капалаксимон ўйлар қоққанда қанот,
Чақмоқ хаёллар ҳам келар созланиб.
Ғафлатда қолган каби бўлолмай огоҳ,
Тўзғиб гупуради тинмай қорбўрон.
Осойишта қалбимни титратиб ногоҳ,
Бир фурсат уйғонгай сўнгсиз ғалаён.
Ёрқин қор жилосидан кўзим қамашди,
Энтикиб боқаман қиш сафосига.
Шуурда фикрат уйғониб маъно талашди,
Поклик малҳам бўлгай дил жафосига.
Фикрнинг ҳар зарраси ҳам қордай оқ бўлсин,
Иситиб олгумдир қалбим қўрида.
Ғуборни аритгувчи гўзаллик тўлсин,
Эзгулик яшасин қалбим тўрида.
Муслима Ёдгорова 23.01.2021 йил
Музсурат
Оёқлар остида қор ғирчиллайди,
Дарахтлар шохларида қорли ёпинчиқ.
Изғирин увушиб қиш қирчиллайди,
Қушларнинг чуғурлаши гўё ўтинчиқ.
Ойнакда музсурат чизади аёз,
Ва, совуқ мўралайди иссиқ гўшага.
Қородам кезади малакдек изсиз,
Мавҳум асрор яшириб музли тўшига.
Болалар қувнайди қоркопток отиб,
Совуқ чимчилласа-да иштиёқи зўр.
Айни пайт соф ҳаво симириб-ютиб,
Яхмалак учадилар, сирпанчиқ ҳузур.
Туман пардасини туширар аста,
Қор сепилган далалар сокин ястанар.
Баҳор соғинчидан кўнгиллар хаста,
Лек, қор ичра тиниқиб кўклам ясанар.
Муслима Ёдгорова 24.01.2021 йил
