
Сўз тилсим
Шамоллар учирган хазондек кўчдим,
Руҳим парча-парча сочилиб кетди.
Беҳисоб саволлар зардобин ичдим,
Жонимга дунёнинг фиғони ботди.
Руҳфазо камолот излаб бормаса,
Сўзлар маъносига қандай ҳам етсин.
Паришон хаёллар тутқич бермаса,
Қоғознинг бетига тўкилиб кетсин.
Тахайюл измида сўзлар саросар,
Оҳангга куй қўшиб безар тилсимот.
Қалбим тўлқинида оқса баробар,
Гўзаллик туйғусин йўллар самовот.
Фикратнинг жамоли сўзлар ҳуснида,
Боқаман маҳлиё интиқиб, ёниб.
Гарчи безовталик унинг қусри-да,
Қанийди шукуҳин симирсам қониб.
Фалакнинг гардиши айлангай гир-гир,
Замон қўнғироғин чалиб ўтгайдир.
Навобахш садосин чоғласа бир-бир,
Бул кўнгил торлари нома битгайдир.
Муслима Ҳамроз
19.09.2021 йил

Подписаться
0 комментариев
Старые