Бадиа

Кўнгил шеър истайди

Ижодкор қалби туғёнларидан, изтироб қийноқларидан инжа шеър туғилади. Шундай дамларда дил қўрғонидаги ёрқин шамлар шуъласида дард чекмоқ сурури бор. Сурурваш шеърда оташ туйғулар, ёниқ сўзлар, дилкаш қофиялар, мутаносиб вазн тизмалари, қанотли мисралар, фикрлар шодасида илоҳий бир фусун намоён бўлгай, албатта.

Шеърда нафақат вазн, қофия, туроқ каби хусусиятлар ўз ӯрнини топган бўлиши муҳим, балки, унда оҳангдошлик, мантиқий тушунча, фикрлар уйғунлиги ҳам зоҳир бўлмоғи аҳамиятлидир. Қани эди, илҳом парилари соз чалиб дил навосига жўр бўлса, илҳомнавоз қушлар қанот қоқиб, юксакларга парвоз этса.

Қизиқ балки, илҳомдан ранг олган ҳарир капалаклар кўнгил гулзорига мафтун бўлиб, илҳомий нурлар кўнгил кўчаларини ёритиб шоирга умид бағишлар. Шеъриятдан нафосат, гўзаллик уфуриб туриши шундан, ҳар бир шеърнинг ўз руҳи, жони, овози бўлади, музаффар акс садоси бўлса янада соз. Ўзига хос назмий ифори бўй таратиб, ранго-ранг туслари нур сочади, ҳузунли қалбларга даво истаб. Ўй-хаёлга толдирувчи сеҳрсоз сўзларни диллардан-дилларга кўчиргувчи фазоси сарафроз бўлса нур устига аъло нур. Муаммо ичидан яширин маъно бўй кўрсатиб, дилни қитиқласа, ошкора айтилган калит сўзлар ғалаён қўзғаб, туйғуларни баҳсга чорласа, қандай соз. Ахир, адабиётнинг ақиқдай товланувчи минг бир қирралари назмда намоён бўлса, ажабмас.

Шеър бу – инсон қалбини, онгу шуурини адабга ундовчи нафис сўзлар шаршараси, инсоний туйғуларни тоширгувчи тиниқ чашмаси, эзгулик тўлқинлари сари чорловчи чексиз уммони эмасми?

Тўғри, кўнгил қайиқлари турли-турлича, имконлари ҳар хил, кўзлаган манзиллари яқин ё йироқ бўлиши мумкин. Шу туфайли ҳам ҳар бир шеър ўзига хос ҳар хил сурату сийратда яралгай. Шеъриятнинг юки оғир, енгил-елпилик, кўчирмачилик, кўзбўямачилик, сўзбўямачиликни ёқтирмайди.

Шеърхон ўзининг дардчил қалбига малҳам излайди, маҳзун руҳиятига шеърдан қувват олишни истайди, ундан кўнгли ҳузур топишини кутади. Яхши шеър маънан бой, мазмунан тўқ, ибрат олишга лойиқ, ишқ дарди юксалтирган, ҳикмат сингиб пишиб етилган бўлади. Дарҳақиқат, ишқ шаробидан қониб, безовта тўлқин гирдобида тобланиб ёзилган оҳанрабо шеър майин шилдираб, кўнгил ирмоқларига оқади.

Эҳее, шеърда қанчалар сир-асрор яширинган экан, биз англаб-англамаган. Шеърда жозиба бўлса, порлайвериб нозиктаъб инсонлар қалбини мафтун этади, уни жўшқин эҳтирослар фазосига олиб чиқади, руҳланиш, илҳомланиш шундан. Латиф шеърлар кўнгил мулкига сайқал бераверсин. Шеърият бўстонига, назм гулшанига, кўнгил оламига ошнолик сохир қалбларни ҳеч қачон тарк этмасин, илоҳим.

Муслима Ҳамроз. 29.12.2021 йил

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x