
Устоз Ибодат Ражабовага мактуб
Мусфира Мунавварнинг «Бағримнинг эрк ери» китобига чизгилар битилган «Мендан дарёларни излаётган ким?» сарлавҳали мақолангизни мутолаа қилар чоғимда ҳайратнинг оҳанрабо кўзлари мени сеҳрлаб қўйди-ю, кўнглим гўё нурга тўла бошлади. Хаёолот ҳалинчакларида масрурона учиш туйғуси, фикрлаш лаззати анча вақт мени тарк этмади. Тошқин назм дарёсига ғарқ бўлишни истадим, ҳис-туйғуларим кўнглимни «эрк ерга» чорлай бошлади, ҳаяжон жилғаларининг эса тотли ифор таралаётган гўзал манзилларга бошлаб боргиси келаверади.
Газетани кенг қулочимда тутиб турибман-у, унинг адабий залворини ҳис этяпман. Шу нафисзабон мақолангиз туфайли дурдек товланган латиф сўзлару ташбеҳлар саҳифага файз бағишлайверади. Бағри эркка тўлган Мусфиранинг шеъриятига берилган нақшинкор чизгилар тўлқини дилимга шовуллаб оқиб кираверади. Аслида, биз англаб-англамаган офоқ бағрида оби ҳаёт дарёси замон ичра ўз оқимида сузаверади. Ана шу илоҳиёт ўзанида оқмоқлик шоирга насиб этсин, эркни ҳис қилмоқ учун ҳам ишқи шаррорадан мастона бўла олгувчи қалб тилаш зарур. Биру Бордан тиланиш, зорланиш алалоқибат оҳорланиш сари йўлласа ажабмас. Покланишга чоғланмаган ерда эрк бўлмаганидек, туйғулар жилоланмаган қалбда шеър туғилмайди.
Мухлисларнинг «шоир ким?» сўроғига жавоб йўллайсиз. «Шоир-шамол, ё болари, ё қуш.» Дарҳақиқат, шоирнинг илҳом сийратидаги учқур қанотли шамоллар елган пайтда ёзган байтлари жилваланиб, қалбимизга оромбаҳш насимни олиб киради. Болари шоирнинг шеърий мисраларидан сўз ширасини симириб завқланамиз. Нозиктаъб шоирнинг қалб қуши нола чекканида най созланиб ажиб наво тараладики, қушлардек кўкка парвоз этгингиз келади. Сиз «Шоир-кунгабоқар», дейсиз. Ҳа, зиёсевар хилқат битикларида қалб тасвири қуёш нурида камалакдек товланади.
Албатта, сурурваш шеърларга гўзал эътироф ярашгай. Уйқаш туғёнлар сирини назм ихлосмандлари эътиборига маҳорат билан тақдим этиш ҳам нақадар бағрикенглик, самимийлик эрур. Таъкидлаганингиздек, илҳақ кўнгилларга гулчанг улашиш ишққа мубтало, шеъриятга шайдо қалбни янада ҳурлик фазосида юксалтиргай. Мутолаа завқини шавқ ила изҳор этиш жозибаси, холисона адабий олқиш намунасини намоён этгансиз . Кўнгил гулу гулзорини чанглантириш, ранглантириш, жаранглантириш ижодий моҳият сирларини равшану рўёб этгай. Ижодкор кўксида етилган гулоб ишқ майи янглиғ товланаверсину дилу тилни маст айлабон назм гулшанига гулбон этсин.
Эҳтиром ила Муслима Ҳамроз. 11.01.2022 йил

