
Яна мактуб
Болалик ва ёшлик кечагина қувнаб-қувнаб ёнимиздан ўтиб кетди, ортидан маҳзун боқиб қолавердик. Кексалик етиб келди, қалтирай бошлаган қўлимиздан тутмоқ учун. Биз эса эндиликда қария мақомига эришганимизга шукроналар айтамиз.
Собиқ синфдошлар эллик йилдан сўнг ҳам тенгдош бўлиб қолаверади. Замондошлар аслида вақт кемасида биргаликда сайр қилувчи йўловчилардир. Ҳаёт йўлининг ўнқир-чўнқирларида чекилган машаққатлар азоби инсоннинг сурату сийратида намоён бўлиши муқаррар. Ҳаёт сабоғи мобайнида вақт ўз мўйқалами востасида ажин чизгилари ила юзларни безаб қўйганига кўникмоқ қийин. Сочга қиров аксини юқдириб, нуронийлик бахш этганлиги улуғворлик ҳисобланиши ҳам айни ҳақиқат. Суратлар гўзалликка ожиз боқади, аммо энди қалблар гўзал, кўнгил қўрғони муҳташам ва олам қадар кенг. Бу қўрғонда хотиржамлик ҳукм сургай, вазминлик фалсафий мазмун кашф этгай. Донолик ва етуклик битиклари нафис садо таратгай-ки, қулоқ тутганнинг баҳри дили яйрагай. Диловар суҳбатлар қалбдан қалбга оққай. Аввало ўз қалбимизга панд-насиҳат қилайлик, қалбимиз сандиғини меҳр-оқибат мулки билан бойитайлик. Кексаликда барча-барча очиқ-ойдин ибодат уммонидан баҳраманд бўлишни истаб қолади. Тавба-тазарру даври, истиғфор ва шукроналик дамлари ўй-хаёлларни тўлиғича банд этаверади. Кўнгил сокинликни истаб, ибодатга бош эгилади.
Энг муҳими эзгу ўй, эзгу сўз ва эзгу амалга риоя қилишнинг асл маъносини тушунмоқликдир. Ҳаммага ва ҳар-бир инсонга яхшилик қилиш, тушкун инсонни яхши сўз билан кўнглини кўтариш, таъмасиз саховат кўрсатиш инсонийликка хос хислатлардир.
Бировнинг кўнглини ранжитмаслик ҳам ибодат, сизга ёмонлик қилган кишини кечира олиш ҳам ибодат, чунки кечиримлилик саодат эрур. Тану жон ибодати қалб ибодатига муштарак бўлсин, дея тилак билдириш кексаликка ярашгай. Яратган барчамизни икки дунё саодатига эришмоқликни мушарраф айласин!
Муслима Ҳамроз
12.05.2024 йил

