Бадиа

Дил сўзлаганда…

Ижод лаҳзалари нафақат қалам тебратиб қоғозга ёзиш, ёки клавиатурада бармоқларни моҳирона юргизишни балки, қаламгача ёхуд мониторгача бўлган дил изтироблари жараёнларини ўз ичига олади. Адабиётга ошно қалб соҳиби ўзгача беқиёс жараёнлар ичида яшайди, шу билан бирга ўз онгу шуури ҳамда қалбидаги ижодий бўронлару тўфонларга ҳам тайёр турмоғи лозим. Тинимсиз равишда умидбахш қийноқлардан ҳаловат излайди, ҳузурбахш дарддан даво топади, оромбахш изтироблардан ҳуррият тасвирини яратади. Ўз қалбидаги илҳом булоғида қайнайди, сокинлик тубидан таралаётган оҳанрабо садоларга қулоқ тутади, ғала-ғовур шовқини ичидан сукунатнинг ҳаловатга йўғрилган сасларини илғай олади. Ҳатто ўз ёзганларини такрор ўқиганида руҳвор қийноқлари янгиланади ва хотирот осмони ёришади.

Шоирнинг қалби гўёки сергак қушга ўхшайди, сайрайверса, сайрайверса ўз нағмасини яратиб. Сўзни эъзозлашни, сӯзни суюшни шунчаки кўнгил эрмагига айлантириб бўлмайди. Сўз билан тиллашиш, сўз мулки ила диллаша олиш, унинг сийратини қалбан ҳис эта олиш учун ҳам кўнгил қуши най сингари садо бермоғи лозим. Мунтазам соз ҳолатда бўлмоқлик умидида эса най илҳом нафаси уфуриб турмоғига муштоқ. Шеър ёзиш қалб оламига кўчиб яшаш демакдир. Бу ғаройиб олам гўзаллиги кишини ўзига мафтун этаверади, гарчи унда парвонадек куйиш ҳам, ишқ майини мастона тотиш ҳам, юракни ўртовчи фироқ ҳам, дилни жизғанак куйдиргувчи рашк ҳам бор. Зеро, бедорлик майли баридан устун, оташ бўлиб ёниш истаги қувват бўлгай. Бу оламда кўнгилни пора-пора қилгувчи пайкон найзаси ҳар дамда отилмоққа шайлигига иқрор бўласиз. Бу файзиёб маконда илҳом қанотида парвоз завқини туйиш саодати бор, дамо-дам илҳом парилари-ла нафис суҳбат қизишидан фароғат топасиз.
О, улуғвор Сўз, номаларингни йўллай қолсангчи бу кун, мен эса жон қулоғим билан тинглайман сўзга тўлиб. Сўз билан сирлашмоқ илинжида Яратгандан илҳом билан сийланган лутф сўрайман, илтижо қилиб бори оғриқларимга шифо бўлгувчи раҳмоний сўз малҳамини сўрайман. Эзгуликни, гўзалликни ирод этмоқликка ташнаман. Сўз синоатининг ечими мавҳум, асл моҳияти бизга пинҳона-сир, ошкоралик даъво қилиш ҳадди чексизлик ҳудудига туташиб кетган бўлса ажабмас. Ахир чексизликка етиб бўлгайми?!
Дил сўзлаганда гавҳар доналари монанд фусунваш, сеҳрсоз сўзлар маржондек тизилгай, ҳаргиз дил оташи тафтида ёқутдек товланиб ўзига мафтун этаверса, дейман. Сўзга эргашиб юксакларга учгим, назм сурурини симиргим, масрурона қанот ёзмоқ завқини наволаниб куйлагим келаверади.
Муслима Ҳамроз. 8.02.2022 йил

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x