
Мутолаага йўл
Китоб бир портал, мутолаага йўл. Сўз битикларига элтувчи эшикни топиб унга кира олиш ва йўл давомида ҳаёт ҳикматларини англаш ҳам бир неъматдир. Бу йўлда сен китоб билан ёлғиз қолмоқ, ўқиганларинг ҳақида тафаккур қилмоқ онларига дуч келасан. Қалбинг сокинликни туяди, ички мунозара давом этса-да. Такрор-такрор мушоҳада тиғида қалбингни таҳрир қиласан, агар басират кўзи билан боқа олсанг. Китоб билан ошно бўлгач беминнат ва ишончли дўст топганингга иқрор бўласан, ҳар файзиёб дамларингга маъно тўлади.
Fасеbookнинг порталига эса эҳтиёт бўлиб назар ташлайсан, унда ҳам ўзига хос йўл бор, яхши ёмонни саралаш имкони бор. Гўё вақт оқимини томоша қиласан ва ўзинг ҳам унинг пўртанасида адашиб қолганингни ҳис қиласан. Ажабо, ҳар турли маконлар, ҳар лаҳзали замонлар кўз ўнгингда пирпираб ўтаверади. Пауло Коэльонинг таъбири билан айтганда-» Қошиқдаги мойни тўкмай, атроф оламдаги ҳақиқат ва гўзалликларни томоша қилиб ибрат олиш…» машаққати бор. Аммо, ҳушёр бўлгил, бу олам ғала-ғовурга тўла, оқу қора аралаш-қуралаш, ким нени истайди бу йўлда, дея ҳайратланасан. Албатта, шундай беҳаловатликда инсон ўз ниятини унутмаслиги, ўз эътиқодида собит туриши, ўз дунёқарашини чалғитмаслиги муҳим ҳисобланади. Ўткинчи дунёдаги виртуал саёҳат ҳам чекловли, ҳаётнинг ўзи каби.
Муслима Ҳамроз
6.05.2023 йил

