
Шеърият
Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,
Фақат бекор билиб ором қучоғини.
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак?
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини.
Усмон Азим
Қуёш кўкда ашъор сочиб порлайвергайдир,
Тўлдириб борлиқни нурли навога.
Эҳ, камалак ғазал тўқиб чорлайвергайдир,
Мисралар оҳангин йўллаб мавога.
Осмонда Ой шуъласи ҳам битгайми туюқ,
Кезади созланиб илҳом нозига.
Гар мансура чизгисининг маъноси қуюқ,
Юлдузлар бастакор лира созига.
Парқут булутлар илҳомга тўлишган болиш,
Юм-юм йиғлайвергай дардини тўкиб.
Фарёд чекар бўлса дилда ғамбода нолиш,
Мунг тўла кўлмакка ботмасин чўкиб.
Ана, кўкда шеърхон қушлар қанотин қоқиб,
Қалбга олиб киргай мустаҳзод завқин.
Нафис қофия тўқийди жилғалар оқиб,
Дарёлар ичади тўлқинлар шавқин.
Дарахт шоҳига ёзганда илҳом минг япроқ,
Шеъриятдан сўзлар сабо-ю шамол.
Қадим ижод тийнатига тўйинган тупроқ,
Ҳар майса, гиёҳда кўрсатар жамол.
Гар, илҳом мавжида назми қувват сири бор,
Тингланг, тоғлар мумтоз садо йўллайди.
Оҳу кўзларида ҳайрат боққанда зор-зор,
Булоқ мисол оқиб сафо бўйлайди.
Кўкдан муножот ёғмоқда, уммон ҳам гувоҳ,
Жоннинг қийноғида хушёр тортгил дил.
Қалам гўзал қитъа достон этганда эй,воҳ,
Мувашшаҳ манзума истайди кўнгил.
Мушоира қизиганда чаманзор ичра,
Булбул чаҳ-чаҳидан таралгай қўшиқ.
Инсон муҳташам туйғуга тўймайди сира,
Қалбан шеъриятга бўлолса ошиқ.
Муслима Ҳамроз. 13.02.2022 йил
Изоҳ: Хўб-афзал; ашъор-шеърлар; маво-жой, макон; туюқ-(арабча)туслаш; мансура-сочма шеър; туроқ-шеърдаги ритмик бўлак; лира-(юнонча)қадимги чолғу асбоби; болиш-ёстиқ; ғамбода-ғамга чўмган; мустаҳзод-(арабча)орттирилган; тийнат-ички гўзаллик; назм-шеърият; муножот-нола; қитъа-(арабча) парча; мувашшаҳ-(арабча)зийнатланган; манзума-(арабча)тизилган, тизма; муҳташам-юксак, улуғвор.

