
Дийдор ширин
Учрашганда дугонажон, қўмсаб ёшликни,
Ошкор сўлғин ажинлардан диллар тонади.
Суҳбатимиз оҳангида қувиб ғашликни,
Эслаб-эслаб қалбимизда олов ёнади.
Кўзларингиз қароғида ёшлик сурури,
Дилда туйғу ичаверсин илиқ меҳрингиз.
Қалбингизда жўшаверса ёшлик ғурури,
Ўша-ўша кулгичлидир гулгун чеҳрангиз.
Соғинчларим гул баргига тугиб ўпганда,
Ширин дийдор дамларига бағрим очаман.
Хотирлашиб болаликни, кўнгил тўлганда,
Армон йиллар изтиробин елга сочаман.
Ёшлигимиз қайтмаслигин наҳот сезмадик,
Давру даврон карвонига юклаб ғамларни.
Умригашта инсонмиз-у дунё кезмадик,
Мудом дилда эъзозладик азиз дамларни.
Дийдорлашув ғаниматдир, келгил дилдошим,
Эллик йилнинг адоғига хаёл кўчади.
Олислардан йўллайверса садо гулёшим,
Кўнгил ундан ороланиб наво ичади.
Муслима Ҳамроз. 19.03.2022 йил

