
Бир наво
Ҳар тонг бир наво қалбимга оқиб кираверади. Унинг шодёна таронаси жаранги қувонч жилғалари бўлиб кўнглимга қуйилади, қуйилаверади, қуйилаверади… Бу гўзал тарона булбул чаҳ-чаҳига, гул ишқи ноласига ўхшайди, гўё. «Қуш тили» қўшиғини тинглаб, туйғуларим роҳат парвозига шайланади. Шу дамда фараҳвор садолар ёқимли навога ташна руҳим ишқи фазосида ҳузурланиб уча бошлайди, учаверади, учаверади…
Қулоқ тутсам ҳар бир созига ҳар куни ўзгача оҳанг, турлича маъно таралаверади. Гоҳида андуҳга қоришиқ садоси янграб қалбимни ларзага солади. Дард титроғига, азоб қийноғига даво излаб, илҳом парисига ошиқ боқаман. Зеро, тушкун кайфият сира ўз домига тортмасин дейман, маҳзун ҳислардан халос бўлишни истайман. Мумтоз наволарни кутиб яшайман, сара куй баста бўлган соҳир сўзларни тинглагим келади. Оромбаҳш наво таралмоқда, тинглайман қониб, сарбаст оҳанги қалбимга қалқиб кираверади, уни юмшатиб гўзаллик баҳш этишидан умидворман. Кўнглим тоғдек юксалиб, ҳуррият шукуҳини симиргим келади. Бағрим саҳросини найдан таралаётган наво ила суғормоқ истайман. Яшнаган бўстони ичра илҳом оҳусини бир кўрмоқ илинжида куйга эврилиб сайр этгим, навосоз сўзлар сирига ошно бўлгим келади.
Муслима Ҳамроз
22.05.2022 йил

