Бадиа

Кўнглимга…

Эй, кўнглим! Ўрмонни жамул-жам ҳолда яхши кўришингни биламан, албатта, унда уйғунлик, ҳамнишинлик бор, бир заминда томирлар билан бирлашув, соллона ҳалинчак новдаларда барглар билан сирлашув бор. Кўпайиш илинжида тирикликка юзлашув мавжуд. Унмоқлик ҳикмати, умумийлик хислати, мусаффолик ҳақиқати, яшиллик тилаги бор.

Аммо, ҳозир сен мавҳумот синоатида кириб қолган ўрмоннинг кўм-кўк куртаклари нимжону хазонлари кўпроқ, замини ёруғлик нурига ташна, соя доғи қийнайди. Теварак-атрофнинг ғира-шираси ним шуълани ҳам ўз домига тортади, хомуш безовталик изғийди, сукунатни тўзғитиб.

Афсуски, бундай ҳаловатсиз маконда фикрат мавҳумлик қуршовида қолиб азобланади. Шундан бўлса керак фикрларим тарқоқ, кўнглим япроқ каби безовта титрайди, интиҳосиз ва жавобсиз саволлар мени қийнайди.

Адашган хаёлларим тўрт томонга кўчади кўнглимга ғулғула солиб. Қўрқув алвасти қиёфасида санғийди, бироқ эй, озурда қалбим, сен барибир ҳар бир дарахт ортидан эрк оҳусини излаб топишни истайсан. Нажот топмоқ умидида чор-атрофга маҳзун боқасан.

Баралла таралаётган ўз нидоларингдан ўзинг чалкашасан, акс-садо излаб. Балки, бу маконни тарк этиб, водий паст-баландликларига етишиш, сайҳонлик сарҳадларини дилдан туйиш, қир-адирлар кенгликларини ҳис этиш ҳам муҳимлигини англаш фурсати етгандир. Тутқун хаёллар тўридан қутилиб, ёруғлик торларига қалбимни созламоғим даркорлигини менга англат.

Қанийди, бу сарафроз оламда нурли туйғулардан тўйиниб, қониб, шууримда гўзал фикрлар жўш урса. Ва, шунда ажабмаски, сену мени ложувард ўрмонга етакласа. Зора, унинг беғубор ҳавосидан таралаётган тўлқин ҳузурини симирсам, унинг оҳанги тароватини ҳис этиб, асл ҳурриятни сурурваш тараннум эта олсам.

Муслима Ҳамроз

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x