Бадиа

Сокин суҳбат

Сукутга чўмиб қад ростлаган баланд тоғларга жимгина боқаман. Унсиз ҳайқирсам,  кўнглим водийсига жимжитликнинг майин садоси маҳзун бўлиб таралади. Ҳайратланаман. 

Ҳой, шамол, шовулламай тин олсанг-чи, дарахт баргларида ҳузурни қучиб. Шабада, шивирламай турсанг-чи бир пас, шу тобда кўкдан ёғилаётган сўз томчилари навосини тинглагим келяпти. Баъзида булутлар қизғин тортишувдан сўнг қизишиб кетиб, осмонда гумбурлаб портлайди ва сукутга ўтли чақмоқтошини шиддат билан отади. Ер ва само аро ҳавонинг бағрини товуш зарб билан тешиб ўтади, сукунатни уйқудан уйғотиб. Мен эса сукутдан таралаётган сокин  суҳбатга ташнаман, уни жон қулоғим билан тинглагим келади. Қанийди, фикрий мушоҳада ва мунозара чорласа сукут суҳбатига. Қалбда ишқ суҳбати билан сирлашмоқ мумкин-ми? Наҳотки, овозсиз хабарлар қўнғироқ чалгай дафъатдан. Тупроқ уруғни бағрига олиб бамайлихотир дардлашади ва суҳбати замин узра гул-гиёҳ бўлиб кўкаради. Ажабки, гўзаллик таровати ифор таратади хушланиб, ранглар тин олган тиниқликдан  сурурланиб сўйлайди сукут сирини. Олис денгиз тубида не сокинлик ирмоғи  оққайми пинҳон, балки балиқлар шу ирмоқдан тўйиниб сув ичар, сўзламоқ-чун оғиз очар сассиз-садосиз. 

Сукунат онларида туйғуларим кўнглимни  ишқ шавқи ила сийлайди. Наво куйига илҳом бастакор бўлгач, унинг яратган сирли таронасин мунис қалбим тинглайди ошиқона. Осойишта кўнгил лутфи нидо айласа олам қалбига, самовий йўлларнинг қулфи очилгай-ми?! 

Гарчи, осмон тоқида қуёш оташин бағридаги ғалаён тафтидан тинимсиз ёниб-куйиб гуриллайди, лек, зиё сочади жилмайиб сукут сиймосида. Сукутнинг акс-садоси янграмоқда олам аро, тинглайман соғиниб ҳам суюниб. 

Зумрад кўк юзига суқланиб, сўзсиз боқаман, мовийланган қалбим сукунатдан тўйиниб симирсин, дея.

Муслима Ҳамроз 

22.03.2024 йил

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x