
Меҳр
Оламга ҳайрат кўзлари билан боқсанг, ҳайрона хаёллар бори ҳайбати билан қалбингга меҳр сийратида кириб кела бошлайди. Оламнинг ўша сатҳида ўзгача бир туйғуни ҳис этасан. Кейин назарингни юқорига кўкка тикасан, муборак бир тафт бутун кўксингни ёндира бошлайди. Ўзгача оламнинг урфон аталмиш йўлаклари йўлга чорлайди, ихтиёрсиз бош суқасан суқланиб. Ўз қалбинг оламини кашф этмоқ умидида йўлга тушасан. Бу йўл оламлар ичра қаватма-қават янги очунга сени бошлайди. Баландроқ, янада юксакроқ чоғларга эврилиб кетган само эркига шўнғиб кетасан. Бу озурда шўнғишдан ҳузурбаҳш парвоз туғилади. Энди ўша фазовий туйғулар оламида тоабад қолишни истайсан. Ўшандай улуғвор маконда зиё заррасига ошиқ заррага айланишни истайсан. Ўша юксаклик поғоналар шукуҳини қалбингга симиришни хоҳлайсан. Оламнинг устма-уст сатҳларини томоша қилиб сирлар синоатининг мавҳумот гирдобида оқасан.
Олам меҳрига қониб ўсишни истайсан. Томири тупроқда, кўкси кўкка талпинувчи ниҳол каби ёғруғликка ошиқ бўлиш умиди сенга қувват бағишлайди. Шундай дамларда қалбинг нурга тўла бошлайди.
Муслима Ҳамроз
18.09.2023 йил

