
ИЛОҲИЙ ИРМОҚ
Шундай дақиқалар бўладики, инсоннинг ботиний оламидаги қалб, онг, кўнгил ва жон орасида сирли суҳбат, баҳс-мунозара бошланади. Қалб тинимсиз мавжланиб тўлқинланади, тафаккур юксакларга парвоз этади, кўнгил ҳузуга тўлиб-тошади, жон ишққа пайваста бўлишга интилади, хаёллар озод қанотларда уча бошлайди. Шу тобда шиддатли ғалаён тафтида етиб келган илҳом, бу безовта оламга суқланиб, оҳиста мўралайди.
Ва, не ажабки, руҳона ҳамкорлик туғёнида ижодий изтироблар бошлангай. Огоҳ сўзлар илоҳий ирмоқ тўлқинида оқиб келаверади, гоҳ гирён бўзлаб, гоҳо шодланиб, гоҳида маҳзун бўлиб. Ижодкор қалби қийноқлар гирдобида тобланган оромбахш дақиқаларни бағшида этгувчи муҳаббатга тўла олам суратини тасвирлаш ила машғул бўлгай. Шунда у бутун борлиқнинг гўзаллик сийратини намаён этгулик тасаввур уйғотган оламга кўчиб кетишга чоғланади.
Сўз ишқини қониб ичолган қалб нур жилвасига ошиқ боқади. Шунданми, ижодкорнинг руҳи безовталик ва ҳаловат, паришонлик ва ҳушёрлик, тобелик ва эрк аро парчаланиб туриб бутунликка пайванд бўла олади.
Дил ёниб истаган, интиқиб кутган ёҳуд ўзгача фусунга эга ғаройиб сўзлар битиклари дурдек тизилгандан сўнг ҳам аланга чўғи тутатқи мисол порлаб туравергай. Алалхусус, қалб ошёнида эзгулик йўлидаги курашлар ҳосиласи сифатида қақнус тирилгай. Ижод бу тирикликдир.
Муслима Ҳамроз
12.11.2023 йил

