
Илҳом оҳуси
Ижодкор аҳли борки дилини оҳорлайвериб, инжа сўзларни саралайди. Дилбаста бўлмоқ умидида илҳом сирини тўлқинланиб излайди, уни ўзига чорлаб, орзиқиб кутади.
Илҳом нима ўзи?!
Қалб тўрига хушланибу нозланиб оҳиста кириб келгувчи пари хилқатми? Илҳом келган ҳузурбахш дамларда сўзга ошуфталик шу қадарки, кўнгилда бу олам сарҳадларини унутмоқлик ҳиссини намоён этади. Шунда кўнгил беихтиёр ҳуррият кенгликларига парвоз этиш шукуҳини туяди. Илоҳнинг илҳомий туҳфасига шукрона келтириб, нафис ҳис-туйғуларни гўзаллик мадҳи ила битмоқ умидида зорланади. Ёҳуд у хушовоз самовий бир қушми? Унга мафтун бўлган сайин шоирнинг кўнгли маст бўлгай, унинг чаҳ-чаҳ уриб куйлашидан дили ором олгай ва ижод ҳаловатини ҳис этгай. Шеъриятга ошно қалби қуш янглиғ қанот қоқиб юксакларга парвоз этишни истагай.
Илҳом балки, кўзлари маъсум боққувчи, кўркам қоматли ҳуркак оҳудир?!
Уни суюиш, сийлаш ва эркалаш билан кўнгил бўстонига чорламоқ мумкиндир. Унинг келишидан умидвор бўлиб, оёқлари остига ҳис-туйғуларингизни пояндоз қилиб ёйгингиз келади. Унинг қониб сув симириши учун зилол сойга айланиш, гиёҳлардан баҳраманд бўлиб яйраши умидида кўкаламзорга айланиш нақадар сурурли. Қанийди унинг сеҳрига мубтало бўлиб, қалбинг кўшкига чорлайверсанг. Уни чўчитмаслик учун кўнгил оламида ойдин ўй-хаёлларни жамламоқлик, ушбу гўшани гулгун туйғулар ила безатмоқлик умиди дилга тугилгай. Дил гулшани ифорларга бурканган чоғда сокинлик қўйнида таралаётган садони илғаган қалб найга эврилиб, сеҳрли навосини басталай бошлагай. Шунда найқаламдан қалб дафтарига наволар тўкилгай, патқалам изларида гўзал туйғулар нақш бўлгай.
Муслима Ҳамроз. 28.05.2022 йил

