
Газета бу…
“Газета, журнал ва китоблар чоп эттириш аслида адабиёт ҳақидаги
ўзига хос суҳбатлардир.” Улуғбек Ҳамдам
- Газета-очиқ хат, маърифат истовчига жилдсиз етиб борувчи нома. Муштарий уни ўқишга ўзини тайёрлай олса бас;
- Газета маърифат дарахтининг хазон билмас япроқларидир;
- Таҳририят-ижодхона, газета бугуннинг ойнаси, келажак даракчиси, ўтмишнинг хотираси бўла олиши тан олинган ҳақиқат;
- Газетани ҳис қилмоқ учун унинг даврий равишда ўзгарувчи оламига холис назар солмоқ лозим, жамият ҳаёти одилона акс этган газета албатта унинг аъзолари қалбига етиб бора олади;
- Таҳририятда воқеалар гирдоби қайнайди, фикрлар чархланади, сўзлар ранг олади, гаплар маъно ичади, шеърлар куйлай бошлайди, яхши инсонларнинг номлари жаранглайди, уларнинг суратлари саҳифаларни безайди, газетхонлар гурунги эшитилади;
- Газета фақат тезкор янгиликлар билан танишиш учун керак, деб ўйласангиз хато қилган бўласиз, ундан маърифат, ҳикмат, ибрат каби маънавият муждаларини топа олишингиз муҳим ҳисобланади;
- Ғализ жумлаларга тўлиб хиралашган маълумотларни, узуқ-юлуқ фактларни таҳлил қилиб тиниқлаштириш, сайқал бериш ва жилолантириш орқали ақиқдай товланувчи фикрлар яратиш завқи ўзгача;
- Тарқоқ ва учқур ўй-хаёллар, маърифан бойитилмаган ва тобланмаган фикрлар асосида яратилган айрим тезкор ахборот матнида нуқсонлар кўплаб учраб туришини инкор қилиб бўлмайди. Таҳририятда ана шу каби нуқсонлар тузатилади, матн билан такрор ишланади бунинг учун эса муайян вақт талаб этилади;
- Оммавий ахборот воситалари орасида айнан газета ва журналлардан маърифатга йўғрилган, давлат тили қоидаларига тўла амал қилиб ёзилган мақолаларни ҳозирги даврда ҳам босма ҳолатда ҳам электрон кўринишда ўқиш имкони мавжуд.
Муслима Ҳамроз
Подписаться
0 комментариев
Старые