
Ой
Ой тўлган тун, қудуқ лиммо-лим
Сув бетида акси сузар жим.
Ковак найни чалса гар шамол,
Қамиш инграр титраб бемажол.
Ой тўлган тун, денгиз тошади,
Тўлқин сачраб, ҳаддан ошади.
Қум соҳиллар сузар сирғалиб,
Чиғаноқлар қочар тирғалиб.
Ой тўлган тун тоғлар чўккайми,
Шўх шалола кўз ёш тўккайми.
Тоғ чўққисин нурлар силагай,
Сой йўлига мавжлар тилагай.
Осмон тўла нурли чироқлар,
Тўлин ойни юлдуз сўроқлар.
Ҳилол ўзин ёлғиз сезгайми,
Шуъла йўллаб само кезгайми.
Ой тўлган тун қалбим тўлади,
Ёғду ичгач ойдек кулади.
Нур жилваси очса чиройин,
Дил кўшкига чорлар нуройин.
Муслима Ҳамроз


Подписаться
0 комментариев
Старые