
Дилсўз
Хаёлот чаманида дилсўз шивирлар,
Сиёғи товланади офтоб тобида.
Ҳуснига тўёлмаган шамол имиллар,
Япроқлар музаффар кўклам бобида.
Тасаввур маконида ҳузур сайри боғ,
Оқизоқ ўйнаганда анҳор кўпириб.
Хаёллар гирдобида кулгай вақти чоғ,
Самовий ҳикматлардан нусха кўчириб.
Тахайюл фазосида парвоз этганда,
Беғубор ирфонида сўзлар сузгайдир.
Кўнгилга шукроналик қадар етганда,
Каломин илҳомланиб бедор тузгайдир.
Сирлашса дилсўзлари ўйчан чоғида,
Ложувард руҳиятга сингар созланиб.
Тоблангай жилоланиб дарди доғида,
Ҳаловат излаганда қалбга юзланиб.
Оламлар сарҳадларин қучса хаёллар,
Қанотин кўнгилларга йўллаб қўйгайдир.
Туташса туйғуларга сохир баёнлар,
Илҳомбаҳш ҳамрозидил ишқни туйгайдир.
Муслима Ҳамроз. 28.07.2022 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые