
Нуридийдам
Сен келдинг-у ифорларга тўлди бу олам,
Кўз қувнагай беғуборим, кўзлари мунчоқ.
Кел, бағрим ҳам гуллолага тўлсин-да болам,
Дил чамани ороланиб яшнасин ҳар чоқ.
Оҳ, пайваста райҳонимсан, дил-дилга пайванд,
Сен сабога юзларингни тутавер майин.
Мен ораста парваришлай меҳрибон-дилбанд,
Вақт сурони хушдамларга тўлгани сайин.
Сен суюмли нуридийдам, улғайгин омон,
Сен ҳилолим, парвонадир жонингга жоним.
Ва тилагим, улғайсин-да қалбингда иймон,
Сен суюнчим, жигарбандим, қудрату шоним.
Бир ғунча ҳам очилгайми фурсати етмай,
Гар ҳаётбахш илдизларни сийламас шавқи.
Ҳар замона ўтавергай парво ҳам этмай,
Қалб тубида тўлғанмаса гулламоқ ишқи.
Мен кутганим, дилбоғимда очилгай минг гул,
Ҳамд айтибон ҳаловатли кўнгилга тўлсам.
Қалб истаги, армонларим ушалгай буткул,
Ҳақ йўлида эзгуликка бахшида бўлсам.
Дил, тилимда шукроналик садоси бордир,
Нур таратган манзилида саодат ёрдир.
Муслима Ҳамроз. 15.05.2022 йил

