
Ҳаёт карвони
Лўкиллаб карвон ўтиб бормоқда,
Узоққа тикилган кўзлар чарчоқли.
Жазира саҳро сабоқ бермоқда,
Машаққат тиғлайди, қумлоқ чорлоқли.
Оғринмай келар оғир карвонлар,
Туялар изидан шамол увлайди.
Қадимий роҳда кезар армонлар,
Маконлар ўтмишин замон қувлайди.
Чиққанмиз йўлга янги тизгинда,
Манзилин тополмай сарсон, оввора.
Аломатлар сасин дилгир сезганда,
Хушёрлик синоат билсак тобора.
Тинмайди ҳайҳот ҳаёт карвони,
Эҳ, кема мисоли сузар изма-из.
Ўзига хосдир дарду ирфони,
Юкимиз елкага ортиб борамиз.
Узилмас карвон туташ сояси,
Қуёшнинг тиғида ҳаёт қайнайди.
Тўсганда баланд тоғлар қояси,
Озурда толиққан жонни қийнайди.
Дарёлар кесса борар йўлимиз,
Томчига айланиб сузмоқ саодат.
Ғовларга тўла ўнгу сўлимиз,
Саботга йўғрилиб енгмоқ матонат.
Уқубат чекиб кечиб борамиз,
Тоғу-тош, саҳро-ю дарё ўзанин.
Бахшида ризқни барҳақ терамиз,
Кўрдингми карвондан ҳеч ким ўзганин?!
Муслима Ҳамроз. 09.09.2022 йил

