
Рангин дунё (Мансуралар)
Нақадар ғаройибсан эй, рангин дунё! Нақадар мушфиқсан эй, ғамгин дунё! Нурларингда ранг бор, соянгда занг, меҳварингда жанг бор.
Ранг-баранг олам кўзим камалагида товланиб жилоланади. Зумрад осмоннинг чексиз мусаффо кўзгуси зумрад уммонда мавжланади, гўё. Ажабки, шу кўм-кўкликдан симиравериб ўрмон ҳам зумрадланади. Мусаввир табиат замин узра гулзор чизгиларини кун бўйи бўяб чиқади, ранговор тасвирда. Саҳрони чанг-тўзон рангига, кузакни хазон рангига бўяйди иштиёқ билан.
Қуёш бўёқ қоради оташ бағрида ва Она ер эмади нурларга қоришиқ ранго-ранг бўёқлар тафтини. Ҳаво ёрқин ва ҳарир тусларни назокат ила элайди ва шаффофликни алқайди жўшиб. Қуёш кун сўнггида ботаётиб уфқни қип-қизил атиргул рангига бўяйди ва алвон япроқларини сочади, кўкни оролаб. Майсанинг кўксида яшиллик унади кенгликларга ястаниб, мажнунтол ям-яшил қўлларини чўзиб солланади сойга термулиб, баҳор келиши билан дарахтлар бошига рангин гулчамбарлар тақади яшнаб. Бағри қон лоланинг яноғи алвон тусда товланади, баҳорни кута-кута ғамга тўлган бинафша нофармон кўйлагини кийиб олади. Бойчечак эса соғинч ҳиссидан тўлғаниб бўй кўрсатади ошиқиб чечаклар аро.
Аммо, бу нурли оламда зулмат соя ташлайдиган дамлар ҳам йўқ эмас. Зулумот жамики ёрқин рангларни ютавериб қораяди, нурсизликдан оғриниб. Ранглар дояси бўлмиш қуёш оламга кулиб боқаверсин, дейман, нурлар жилоси кўнгил осмонимизни ёритсин чақнаб.
Қалбда нур жилва қилган он гўзаллик ранглар сийратида безанса неажаб.
Муслима Ҳамроз
9.03.2023 йил

