
Фаввора
Фавворалар сочади салқин,
Иссиқликни симириб, ютиб.
Камалакни этади талқин,
Ёрқин офтоб жилвасин кутиб.
Томчиларнинг ўйини ажаб,
Шаршарадек товланар шаффоф.
Ёз тафтини шалола бежаб,
Мўъжизалар яратгай кашшоф.
Болажонлар қувнайди сакраб,
Томчиларга тутади юзин.
Кўнгил сойи қолмасин қақраб,
Турфа олам қувнатар кўзин.
Отилади мармардек шиддат,
Сочилганда шовуллар тиниқ.
Томчи ўйнар. Тугагач муддат
қуйилади толаси синиқ.
Жазирама. Офтобнинг тиғи
Чор-атрофни куйдирган сайин.
Соя қуюқ тўшалган чоғи,
Шамол яйраб эсади майин.
Ёз тафтини олгайми бироз,
Сув буғланиб учади ҳовур.
Дов-дарахтга яшиллик ҳамроз,
Сарғиштоб куз келгани довур.
***
Ўтиб борар…
Ҳаволаниб кўкка ўрлайди,
Ҳаво гўё офтоб тусида.
Заррин нурлар сирли тўрлайди,
Сароб янглиғ ёрқин тушида.
Ёз топади ҳузур ёзланиб,
Оташ қуёш даво дардига.
Ўз фаслида масрур созланиб,
Қоришади замон гардига.
Ўтиб борар ёзнинг фурсати,
Чархпалакда кузнинг даврони.
Омонатдир ҳар он фурқати,
Айланади олам гаврони.
Ёз кетяпти ёниб, қизғаниб,
Ҳувилларми кўнглим айвони.
Афсус чекиб қолсам жизғаниб,
Соғинтирар мендек шайдони.
Муслима Ҳамроз. 15.09.2022 йил
* Изоҳ: Фурқат – (арабча) айрилиқ, узоқлашиш

