Томчи. Қатра.
Ёмғир узилиб-узилиб, тўқнашиб-тўқнашиб, томчилаб ерга интилади. Баъзида ёмғир томчилари дераза ойналарини чертиб, сокинлик куйини бузиб қўйишади. Баъзан эса, ёмғир томчилари қуёш нурлари оғушида бирлашиб, етти хил рангдаги камалак камонида товланишади. Тун зулмати ўксиб йиғлаганида кўз ёшлари майсалар пешонасида тонгги шабнамга айланиб, қалтираб туради. Шаршаралар, фавворалар сочларидаги шаффоф томчилар атроф ҳавога салқинлик бағишлаб, ўзлари ҳам сакраб-сакраб яйрайди, гўё.
Томчилар сумалакда кетма-кет тизилишиб, музлайверади қотиб, дўл ҳам томчи тошчаларидир, тушган жойига қаттиқ урилади ва инграйди. Томчи тошни тешади дейишади, шунингдек, томиб-томиб кўл бўлар дейишган.
Томчида денгиз акс этганидек, онгнинг сийрати фикрда намоён бўлади. Қайғули кўз ёши томчисида мунг шодаси бор, аммо, идрок азобида сизиб чиққан кўз ёшлари томчисидан қалбдаги ғуборлар тўкилади. Ғазаб келганида томчидек сачрама, сокинлик сиртида ёйилиб тинчлан. Тор кўнгилдан ҳасад ва кўролмаслик томчи каби сизиб чиқиши эҳтимоли бор. Огоҳ бўл, маънавий озуқани ҳар дам томчи каби симирки, қалб дарахти кўкариб, яшнасин.
Қалбингда меҳр-мурувват булоғини очгин-ки, унинг томчилари бошқалар қалбига умид бахш этиб сингиб борсин. Қалб меҳрга тўлганда муҳаббат юракларни тўлқинлантиради, кўзлар нурга тўлади, тилга бол сингийди, инсон чеҳраси очилиб, олам гўзаллашади.
Фард: Меҳр берсанг гар инсонларга томчили этиб,
Дарё бўлиб оқиб келгай ўзингга етиб.
Муслима Ёдгорова