Мақола

Мансабга мансуб.

Мансабнинг курсиси бор, арғимчоқдай алдамчи, баландларга учирмоқни ваъда беради-ю, аммо ўзи таянчга маҳкамланганлигидан телбаларча тебранади, холос. Мансабни ҳою-ҳавас қилганларни тебрантириб, мувозанатдан чиқаради. Бундай курсига таяниб қолмай, ўз маънавияти тарбияси билан шуғулланган, ўз-ўзини такомиллаштирган кишигина юксалиш қудратини тўлалигича ҳис қила олади.
Мансабнинг кўзга кўринмас тожи бор, эгасининг бошини айлантириб, аврагани-авраган: “Сен қудратлисан, сен ҳаммадан зўрсан, сенинг ҳукминг-мутлақ”, дея сийлагани-сийлаган. Аммо, теран тафаккур орқали бошни омон сақлаб, халқ орасида ўзини камтар тутган мансабдоргина ҳурматга сазовор бўлади, юксак мавқега эришади.
Мансабнинг ғаройиб дурбини бор, узоқни-узоқроқ, яқинни-яқинроқ қилиб тасвирлайдиган, эгаси хоҳлаган рангга оламни бўяйдиган, исталган жойларни тиниқ, эгасининг назарида аҳамиятсиз воқеаларни ғира-шира акс эттирадиган, гўё дурбин эгасининг кайфиятига мос созланиб турувчи мослама каби. Агар, қўлингга тутқазилган бу мосламани адолат мезонида созлаб, оламни бор бўйича, турфа рангича, турли мазмунича илғамоқлик лозимлигини англаб ета олсанггина мансаб қулига айланмайсан.
Мансабнинг нафс дея аталмиш отлиқ аскарлари бор, сен истасанг бўлди, от суриб айтганингни муҳайё этади, дунёнинг «беш» томонидан хирож йиғиб келиб, разолат ўпқонини тўлдиришга хизмат қилади. Талон-тарож қилиб, алдов йўли билан ҳаром-хариш бойлик тўплаш, бировларнинг ҳақини кўзини лўқ қилиб, юлиб олиш уларга хуш ёқади. Ўз нафсингга ўзинг шафқат қилма, уни тергаб тур, қўл остингдагиларга мурувватли ва кечиримли бўл, аммо, огоҳ бўл, кўпларга раҳбар бўла туриб, нафс аскарининг йўриғига юришдан сақлан.
Мансабнинг яхши-ёмон феъллари кўп, айниқса, калондимоғлик, оддий одамларни оёқ учида кўришлик хусусиятларини сенга юқтиришга уринади, зийраклик ва тийраклик билан уларни сезиб, ўз вақтида ёмон феъллардан қутилиш чораларини изла. Донишмандлар қайси соҳада бўлмасин раҳбарнинг сўзлари тома, сурати жома, хулқи омма бўлиши зарур деб ҳисоблашган.
Мансабда шундай бир куч борки, у айрим одамларни жазавага солиб, ўшқиртиради, қўлини мушт тугиб столни савалатади, оғзидан кўпик сачратиб, бетига даҳшат кукунини сепади, шунда оғзидан чиқаётган ҳақоратлар зарбаси ҳаттоки, ҳавони титратади. Қаршисида эгилган бошлар, жовдираган кўзлар янада ғазабини қўзийди. Турқи амалдорлик важоҳатига мойил бўлиб бораверади. Раҳм-шафқат ундан бегоналашиб кетган, у эса мансаб шуни тақозо этади деб, ўзини оқламоқчи бўлади. Аслида, у “қуюшқон”дан чиқиб бўлганлигини ҳис этмайди, аллақачон адолат қалқонини жаҳолат қиличи ёрдамида парчалаб ташлашга муваффақ бўлган. Аслида, аввалбошдан ундай кишининг нияти холис бўлмаган. Ундайлар амал-тақал қилиб амалга миниб олгач, порахўрликнинг жирканч қоидаларига амал қила бошлайди, ўз қўл остидагиларга шамалар орқали порага “ишора” бериб “совға-салом” тиланади.
Мансаб кимгадир эзгу ишлар йўлида қудрат берса, кимгадир кўз-кўз қилмоқ учун сохта савлат беради. Мансабнинг ўт-олови кимнингдир ақл-заковатини ўткирлаштирса, унинг кул-тутунидан кимнингдир қалби кирланади. Мансаб кишидаги яшириниб ётган ёмон хусусиятларни ҳам, яхши хислатларни ҳам очади, бўрттиради, шунингдек, янгиларини ҳосил қилади. Ўз ўрнига мос тушган мансаб ижод завқини беради, меҳнатга иштиёқни оширади, вақтдан ўзишга, ҳаётга теран кўз билан қарашга ўргатади.
Мансабнинг ажойиб сандиғи бор, унинг бисоти хушмуомалалик, ҳалоллик, адолатпарварлик, виждонлилик, сабр-тоқатлилик, ўзгалар қалбини тушуна олишлик кабилардан иборат. Аммо, унинг қулфига мос калитни топмоқлик сенинг маънавиятинг юксаклигига боғлиқ, бошқа хил очқич йўқ. Бунинг учун эса ўзлигингни англашга интилишинг даркор, ўз ички оламингни ўзинг таҳлил қилиб, ўзингни ўзинг кузатишинг ва тузатишинг шарт, ўз-ўзингни тергай олсанггина бошқаларнинг маъсулияти учун жавоб бериш ҳуқуқига эга бўласан.
Баркамол, билимли ва қалби тоза, виждонли, сўзи ва руҳи майин, ўз манфаатидан ўзгалар манфаатини устун қўювчи хушхулқ раҳбаргина янгиланиб, ривожланиб бора олади, мартабаси улуғ бўлади.

Муслима Ёдгорова

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x