Мақола

Қаҳру ғазабни тарк этиш-гўзал ахлоқдан (Қатра)

         Инсоннинг ўз Ватани, ор-номуси ҳимоясида ғазабланиши, разолату жоҳиллик хуружларига бефарқ бўлмаслиги унинг иймони бутунлигидандир. Аммо, бўлар бўлмасга ҳаддидан ошавергувчи ғазаб учқуни бора-бора одамийлик мулкини куйдириб ахлоқ гўзаллигига путр етказади.
Ҳасад жоҳилнинг ҳамроҳи-ю, ғаразгўйлик эса одатидир. Жоҳил жаҳл отига миниб олиб, таъна-маломатларни тош каби отса, ғазабдан кўзлари қонга тўлганидан чор-атрофни рутубатга тўлдириб, ён-веридагиларга зиён-заҳмат етказиши тайин. Жаҳлнинг заҳри авваламбор, жоҳилнинг ўзини емириши, тубанликка етаклаши айни ҳақиқат. Жаҳл тез учгувчидир, учган ўрнини ҳам, тушган ерини ҳам қаттиқ тирнайди. Зулмкорлик жоҳилнинг касби, аччиқланиш таъбни дағал ва қалб кўзгусини хира қилади. Жаҳл ўти жанжалда авж олиб, зўрайган исканжасида ҳаловатли нафасни буға бошлайди. Феъли торнинг жаҳли тез, бағри кенг жаҳлни қўлламас, ўз руҳига ғуборни йўлатмас. Манманлик ўз оловини қалайвериб, баджаҳлнинг ўзини оташида куйдиради, азоблайди, дарғазаб важоҳатдан эса эзгулик ҳуркиб қочади.

      Ҳар қандай ҳолатда жаҳлни босиб, қалбда осойишталикни ҳис қилиш иродали инсонга хосдир.
Жаҳл келса, ақл кетар дейишади халқимизда. Кибр ғазабни авж олдиради. Ўринсиз ва мазаматли жаҳлга йўл бермоқ жоҳилнинг иши, уни ақл нурлари ила куйдириб, сўндирмоқ фозилнинг иши. Ўз жаҳлини жиловлай олиш, ғазабини ичига ютиш, қахрни енгиш, сабр-тоқатли бўлиш, оғир-вазминликни одат қилиш, ўз нафсониятига эрк бермаслик инсон табиатини ҳилм, яъни мулойим қилади, хушфеълликка эга бўлади.
      Ҳазрати Ибн Маъсуд :“Билингки, кишининг ҳалимлиги ғазабланган пайтда аён бўлади. Ғазабланмаган (яъни, ғазабга сабаб йўқ) пайтда унинг ҳалимлигини қаёқдан ҳам билардингиз?”, дея маҳзун дақиқалардаги синов ҳақида  огоҳлантиради. Ақл шундай мўъжизаки, бошқаларнинг гуноҳини авф этмоқликни ўргатади, мулойимлик сийратини тақдим этади, босиқлик қудратини ато этади, бировларнинг айби ва хатосини унутмоқлик одатини юқтиради. Фикрлаш доирасининг кенглиги, тафаккурнинг чуқурлиги, ўй-хаёлнинг поклиги шубҳасиз жаҳл ўтини сўндиради. Меҳрибонлик ва шафқат, мулойимлик ва босиқлик қалбларга илиқлик бағишлайди. Меҳр булоғи жўшаверса, жаҳлнинг қахр дарёси қуриб боргай. Қахру ғазабни тарк этиш-барча гўзал ахлоқни ўз ичига олади,-дейишган донишмандлар. Меҳрибонлик ва шафқат, мулойимлик ва босиқлик қалбларга илиқлик бағишлайди.

Муслима Ёдгорова

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x