Ҳамкорлик «машъаласи»
Илм ва маърифатнинг, касб ва ҳунарнинг, оила ва жамиятнинг ўзига хос ҳамкорлик «машаъласи» бор, бу машаъла нури инсоният ҳаётини нурафшон этиб, келажакни ёритади. Ҳар бир инсон ўзини шу машаълага даҳлдор деб билса, унинг тафтидан баҳраманд бўла олса ва ўз навбатида унга ўз қалб қўрини қўшса нақадар соз. Унинг сеҳрли оҳанраболи майдонига у ўзининг идрокини, тафаккурини, руҳий оламини йўналтира олсагина, турмуш икир-чикирларидан, майда-чуйда ташвишлардан, қабоҳат ва разолатдан устун келишда ўзида куч пайдо бўлганлигини ҳис этади. Бу ҳамкорлик «машаъла»си таъсирида у ўз-ўзини умри давомида тарбиялаб боради, ўзини –ўзи ўқитади, ўз-ўзини касб маҳорати сирларини англашга йўллайди, ўй-хаёлида фақат эзгу фикрлар, эзгу ғоялар жўш уради, қўллари эзгу амаллар мурувватини тутади.
Олам сирларини англаш учун инсондан тинмай изланиш, ҳаётида дуч келадиган муаммоларни оқилона ҳал этиш, машаққатли меҳнатдан чекинмасдан кураша олиш ҳамда, бу сирларни англашда зукколик ва ҳушёрлик талаб этилади.
Ҳар бир касб эгаси ўз меҳнатидан руҳлана олиш, ўзининг фаолиятини таҳлил қила олиш, ўз-ўзига лозим бўлса дакки бера олиш, ўз-ўзига холисона баҳо бера олиш, ўз камчилигини тузатишга тайёр тура олиш каби хислатларни ўзида мужассам этиб боради. Айниқса, илм-фандаги инновацияларни ўрганиб борар экан, ўз қалбидаги шахсни янгилаб бораверади, ўз руҳиятини яшартириб, олға интилади.
Ҳақиқатдан ҳам оламда ўз-ўзини ташкиллаштириш ҳодисаси мавжуд эканлиги олимлар томонидан эътироф этилган. Ҳаёт мобайнида тарбия ва мустақил тарбия, таълим ва мустақил таълим, ўргатиш ва мустақил ўрганишдаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари моҳиятини чуқурроқ англашга интилиш зарур. Чунки тарбия бир умрлик жараёндир, оила тарбияси эса ўта муҳим масалалардан биридир. Шахснинг ўзини-ўзи фаоллаштириши деганда доимо ўзининг зеҳний ривожланиш даражаларидан, ўз қобилиятларидан, ўз истеъдодидан ўзиб кетиши тушунилади.
Ўзида тарбияга мойилликни шакллантирмаган, ўзини қайта тарбиялай олмаган, ўз-ўзини ташкиллаштира олмаган одам комилликка эриша олмайди.
Мустақил тарбия, мустақил ўрганиш, мустақил ўз-ўзини ривожлантириш муаммоларини ўзида ҳис қилган шахс тўғри ечим топишда қийналиши мумкин. Айнан ўзини-ўзи ўзгартириш, ўз фикри, дунёқарашини таҳлил қилиш авваламбор, унинг руҳий тайёргарлигига боғлиқ. Ахборотни қабул қила олиш учун руҳий “дарча”-эътибор, қизиқиш, диққат талаб этилса, уни таҳлил этиш ва ўзига сингдириш учун эса тафаккур, зеҳн асқотади. Қабул қилинган ахборот мазмуни, моҳияти, муаммолари туфайли ўз тинчлигини йўқотиши, ўй-хаёлларининг шу ахборот билан тўла бандлиги, шу масалани ҳал этмагунча ўзини беҳаловат сезиши катта аҳмиятга эга. Мана шу турғунсиз бўлган фаол муҳитли ҳолатгина шахсни ижодий изланишга ундайди, бу руҳий безовталик ўз-ўзини ташкиллаштиришга, ўз-ўзини ривожлантиришга замин яратади.
Ўзининг ички руҳиятига ўзи ижобий таъсир эта оладиган оат-онагина фарзандларининг руҳиятига мадад бўла олади. Ўз ички оламини ташкиллаштириш орқали инсон ички оламини бойита олиши мумкин.
Ахир, ўзининг руҳи, қалби ва онги ҳамкорлигида юзага келадиган инновация туфайли инсон ўзини-ўзи ривожлантиришга эришса ажабмас, шундай ўзаро ички ҳамкорлик риштасини ҳосил қила олган шахс ҳамкорлик «машаъла»сини алангалатиб, ўз навбатида бу машаъладан қувват олиб, ўзини такомиллаштириб бораверади. “Ҳамкорлик” машаъласи нурларини излаш йўли фақат ўз маънавиятингизни парваришлаб, ўз билимингизни мунтазам ўстириш ва қалб кўзини равшанлаштиришдадир.
“ Атрофим қоронғу деб ўпкалагунча , шамчироқ ёқ.” – Конфуций.
Бу машаълага иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан эмас, балки, маънавий озуқа жиҳатидан интилсангизгина мукаммал бойликка етказади.
Инсон аввало, ўз руҳиятини ёмон ғуборлардан халос этиб, ўз қалбига эзгулик уруғини сочиши ва зиё нуридан баҳраманд бўлиш йўлларини излаб топиши зарур.
Эзгулик офтобини яшнатгувчи ҳамкорлик «машаъла»си тутатқиси янгича фикрлашда, уқувлиликда, ҳалолликда, маъсулиятлиликда, ўз устида доимо ишлашда, ўрганишдан тўхтамасликда, самимийликда, хушёрликда, оқилликда, қатъиятлиликда, ўзига нисбатан талабчанликда, руҳан уйғоқликда, изланувчанликда, ғайратлиликда, ўз касбига, бурчига садоқатлиликда ва виждон поклиги йўлида иродали бўлишдадир.
Муслима Ёдгорова