Олқишлар
Кулимсираб турибсиз очиб чирой,
Хушрўйликда ёришиб мисоли ой,
Ойдин ойдек жозиба сеҳрига бой.
Қараб қолдик кўз узолмай мафтун бўлиб,
Кўнгил равшан яйраб кетди меҳрга тўлиб.
***
Атлас куйлак кийибсиз сиз ял-ял ёниб,
Ёнаверманг олқишлардан безиб, тониб,
Эркаланманг мақтовдан эриб, қониб,
Шойи рўмол ярашибди бошингизга,
Кўк ўсмалар пайвастадир қошингизга.
***
Қадам босиб келаверсангиз сиз мастона,
Кўклам бўлиб гулласин шу остона,
Борлиқ кутгай ўзидан тона-тона.
Хушбўйингиз бу оламни тутиб кетди,
Ҳавасларни дил тубига тугиб кетди.
***
Сойга олма оқиздим сизни деб,
Пўртана қалқиб кетгай бизни деб,
Дилда туйғу жўшгайми бир қизни деб.
Нақш олмага ўхшаганда гул юзингиз,
Чор-атрофдан изларми бир ёр, кўзингиз.
***
Қаҳ-қаҳ отиб, шўх-шўх кулар жонона,
Шу даврага кўрк бергайсиз сиз шохона,
Бир гапириб ўн кулишга бор баҳона.
Табассумга мойил экан кўз, қошингиз,
Кўз тегмасин омон бўлсин шу бошингиз.
***
Ҳазил қилсам гар, қош-қовоқни уясиз,
Гап-сўз ҳовури ёндиради, куясиз,
Оғриғи зил, гиналарни туясиз.
Сиркангиз сув кўтармайди бир дебсиниб,
Шўх даврада ўтирасиз сиз қисиниб.
***
Сиз келдингиз уйимизга сабо келди,
Дилни дилга тортгувчи қаҳрабо келди,
Кўнгил тўрига шодлик, марҳабо келди.
Гўзалликдан сархуш бўлди, қаранг олам,
Хуш келгайсиз яхшиликни чорлаб илдам.
Муслима Ёдгорова