
Сандувоч
Ёниб-куйлаб жуфтин суювчи,
Наволари тафти суюнчи.
Сандувочим, митти сандувоч,
Нолаларинг чор-атрофга соч.
Булбулшевам жўшиб сайрайвер,
Гул шоҳига қўниб яйрайвер.
Навбаҳорда парвоз қувончи,
Фиғон чекар куйсоз нолончи.
Сандувочим, жонбоз сандувоч,
Сайроқ қушим оҳанги тилмоч.
Ошиқ қалбни тилиб бўзлайвер,
Гул ишқини тилаб сўзлайвер.
Ҳар баҳорнинг гулёр овунчи,
Ишқ дардини ҳушёр севувчи,
Сандувочим, дилёр сандувоч,
Чуғурласа кўкда қалдирғоч,
Чаҳ-чаҳ уриб шодон куйлайвер,
Най сеҳрига сирли бўйлайвер.
Дил ноласин жондан туювчи,
Жафо чекиб чиндан куювчи.
Сандувочим, жунун сандувоч,
Боғинг аро кўкарса оғоч,
Чаманзорни кезиб излайвер,
Нашъу наво созин кўзлайвер.
Муслима Ҳамроз
8.02.2023 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые