
Мансуралар
Ҳар куни шеър ўқийман сурурланиб, ўқийвераман ҳавасим ортиб. Гўзал ашъорларни қалбга кўчиб тинглаш саодатини ҳис этиб ўқийман. О, назм олами наволари оҳанрабо-ю мафтункор садо бўлиб дилда янграмоқда. Шеъриятга эҳтиёжим бор, изҳорим бор!
Ҳар қандай юракнинг чеккани ишқий дард эмас. Патқаламлар энди ўзгача, ручка ва қоғоз жудаям шарт эмас. Ажаб, ижод учун шай турмоқда виртуал оламнинг ўзи, тугмаларни оҳиста боссанг мониторда терилар сўзинг. Аммо, илҳом машаққати ўша-ўша азалий изтироб, дил ўртаниб оқади зардоб. Менинг ижодга эҳтиёжим бор, қарорим бор!
Адабий суҳбатларга қулоқ тутаман интиқиб, ҳикмат дурларини англасам дейман. Сўз санъатига ошиқлик кўнглим кўзгусини жилолантиришини истайман. Адабиётга эҳтиёжим бор, иқрорим бор!
Эй Аллоҳим, илҳомингга эҳтиёжим бор, Ўзингга илтижойим бор!
Муслима Ҳамроз
8.02.2023 йил

