
Хаёл
Бандаргоҳда туриб қолган кема мисоли,
Чайқалади банди хаёл қирғоқ қўйнида.
Саёзликда сўзсиз санғир, ночор аҳволи,
Чўкиб ботар эрксиз талош соҳил бўйида.
Ўз ўйига балки тутқун бўлиб қолгандир,
Истамайди, ичмас ювиб тўлқин гардини.
Кечолмайди, фикри тугун тугиб толгандир,
Яшайверар тушунолмай дунё дардини.
Эркинликдан маҳрум туйғу тушов занжирсиз,
Сузолмайди шиддат билан отиб қулочин.
Бағрин сўнгсиз андуҳ тиғлар гўё ҳанжарсиз,
Тафаккурин безар ҳикмат, курашолса чин.
Учолмайди фикри саёз соҳил соҳиби,
Тўлқин шавқин йўллаб қўллар гарчи самовот.
Хушёрликда титраб ёнсин қалби меҳроби,
Уйғонганда озод фикри қоқади қанот.
Эзгуликлар инсон учун бўлгай мадаткор,
Турғунликдан асрай олса ўзликни албат.
Фикрат танти тўлқин мисол сузса шиддаткор,
Тўлғонади уйғоқ қалбда меҳру муҳаббат.
Муслима Ҳамроз
24.04.2023 йил

