
Шеър-шуур
Шеъриятнинг турли-туман гўзал боғлари бор. Ғазал бўстонида ошиқнинг нолагун ҳис-туйғулари барқ уриб гул-гул очилгай. Най ноласи таралган сайин ғазолга эврилган сўзлар кийик каби яйраб-яйраб сайр этгай. Ғазалиёт маъвосида навога йўғрилган ашула-ю мақом садолари таралгай ва мумтоз ғазаллар ишққа ташна қалбларни мафтун этгай.
Шеъриятнинг лирик чаманида ажойиб куй таралмоқда. Нозиклигу нафислик оҳангида сўзлар ўйноқлайди, гўё. Тинглар экансиз беихтиёр унинг оҳанрабо оҳангида тўлишиб оқасиз. Лира созидан оҳиста таралаётган шеър сизни гўзалликка ошно этгай.
Шеър гулистонида сайр этишга чоғлансангиз умрбоқий достонлар ўз ифори ва нафосати ила қалб ошёнингизни рўшно этгай. Ҳазрат Алишер Навоий сиймосига дуч келасиз, шеърият уммонига шўнғиш, унда қулоч отиб сузмоқ шукуҳини ҳис этасиз. Комиллик ҳикматларидан сабоқ олишни, қалбингизни шуур сурури ила тўлдирмоқни истайсиз.
Маърифат куйидан баҳра олмоқ умидида мумтоз достонларни ўқишга тутинасиз ва асл навога ошно бўлиш саодатини ҳис этасиз.
Шеъриятнинг шундай довони ҳам борки, унда дўмбира овози янграйвергай, достонни алқаб. Боботарих битикларини ёдга солмоқ умидида хаёлларингизни узоқ-узоқларга чорлайди, гўё. Ўтмишу яқин фазосида баланду пастликлар қирғоғида югургилашни истайсиз.
Борлиқни унутиб куйлаётган бахшининг ровийлик маҳоратига қойил қоласиз.
Бахшининг ажойиб кекирдак товушига қулоқ тутсангиз яна бир ғаройиб куй жўровозини эшитасиз.
Чанқовуз садоси шамоллар ҳовурига аралашиб кетиб оҳанг яратади момолар лабида, тинглаган сайин ҳузурланасиз.
Шеъриятнинг синчков боби бор, бармоқ билан ўлчанадиган. Ахир, гўзаллик эрк бағрида яратилган тартибни хуш кўради. Шоирнинг илоҳий нур таралиб турган илҳом қанотларига эҳтиёжи борлиги муқаррар. Сўзлар ҳис-туйғулар оғушида озод парвоз этар экан мисралар ҳам қанот ёзгай. Эҳее, ритм ва оҳангга чайилган шеърлар қўшиққа айланиб, жаранглайверса не ажаб. Ҳар бирининг овозида ижодкор яратган ўзига хос сознинг нози бор. Қанийди, шеърий лаҳзалар тўлқинланиб, бутун оламга шеър сеҳри тўлиб оқса ва инсонлар қалбини ишқ сирига тўлдирса!
Муслима Ҳамроз
18.05.2024 йил

