Кечиримлилик – саодат эрур
“Кечиримлилик инсоний фазилатларнинг
энг зийнатлисидир”. Ҳадисдан
• Бировларнинг гуноҳини кечиролмайдиган ва унутолмайдиган одам бамисоли сарғайган баргларини тўла тўкмайдиган дарахтга ўхшайди. Вақт ўтиб янги, яшил барглар орасидаги жонсиз, сариқ япроқлар дарахтнинг тўкислигига хавф солгани каби, кишининг қалбидаги авф этилмаган ва бот-бот эсланадиган, ҳатто сўзлар билан изҳор этиладиган ҳодисотлар доғ бўлиб қолаверади. Ўз муддатида гуноҳларни тўкмоқлик ва гуноҳлардан кечмоқлик орқали табиатнинг бир бўлаги сифатида бизнинг табиатга мослашмоғимиз жоиздир, балки!
• Биров сенинг кўнгил боғингни вайрон қилиб, гуноҳга ботдими? Сен ўз кўнгил бўстонингни қайта тиклаш ўрнига душман билан қасдлашиб, сен ҳам у каби гуноҳга ботишинг эҳтимоли борлигини унутдингми?! Озор чеккан ўз кўнгил боғингни тиклаш учун уни меҳр сеҳри билан нурлантириб, кечиримлиликка йўғрилган шафқат тилаги билан тозалаб, унинг ришталарига унутмоқлик маъданини бахшида этибгина эриша олишинг мумкин;
• Кечириш ва унутиш хислатларидан бебаҳра одам гўё, дунё боғининг ташқарисида бўлишни маъқул кўрадиган кимсага ўхшайди. Боққа кирганида ҳам унинг кўнгли яйрамайди, кўнгли тўлмай доим ўзини ноқулай сезаверади;
• Бошқаларни кечирмаслик учун ўнлаб важ-корсонлар топиш, ўзининг ҳақлигини исботлаш мақсадида кўплаб баҳоналар тўқиш кимга қулай?! Кўнгил мулкида мавжуд меҳр-оқибатда саҳий бўлолмайдиган одамгадир, балки;
• Бу дунёдан норозилигини ифода этиш учун кишининг ўз яқинларини кечира олмаслиги кифоя қилади;
• “Доимо мен бошқаларни кечиравераманми, бу ноҳақлик эмасми?”,- деб ўйлайдиган одамни аламзадалик қийнаётган бўлади, ҳақиқат шундаки, сен бошқаларни кечириш орқали ўз қалбингни ғуборлардан тозалашга эришасан;
• Яқинларинг билан учрашганингда улар қачонлардир сени хафа қилишган бўлишларидан қатъий назар, бу саодатли дамлардан қалбингда яхшилик туйсанг, улар билан илиқ муносабатга кириша оласан. Чунки, уларнинг даврасига яқинлашганингда бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеалар сендан аллақачон узоқлашиб бўлганини, дийдорлашув қаршисида улар хиралашиб улгурганлигини ҳис этасан ва шубҳасиз яратганга шукроналик келтирасан;
• Кечирилмайдиган воқеанинг гирдобига тушмасликка ҳаракат қилиш муҳиим. Кўнглингни кенг қилиб, ўз тегрангда ижобий қувват зирҳини ярата ол. Атрофингдаги одамларга нисбатан самимий бўл ва очиқ чеҳра билан боқиб, табассум ҳадя эт. Хайрихоҳлик ўзаро муносабатда эзгулик калитидир.
Муслима Ёдгорова 1. 11. 2017 йил.