Гуллагай…
Қалбимда настарин гуллагай майин,
Гулгун шодачалар бирлашган сайин.
Пинҳон тутолмайин таратгай ифор,
Оқ, нофармон тусли кўркамлиги бор.
Қалбимда настарин гуллагай…
Нилуфар очилгай қалбимни ёқсам,
Ҳаловат топгулик мавжларда оқсам.
Титроқ қалб тўлқинида оққани каби,
Покликка тимсолдир барглари таъби.
Қалбимда нилуфар гуллагай…
Қалбим оташида лолазор унди,
Алвон қирғоқларга туташгай энди.
Ёнган истаклари тутаса кулсиз,
Кўнгил ҳувиллайди қолганда гулсиз.
Қалбимда лолазор гуллагай…
Қалбим қатларида атиргул ўсгай,
Ғуборлар исини хушбўйлар тўсгай.
Гўзаллик туфайли кўнгил бир бўстон,
Нурваш қалбда олам зебо, гулистон.
Қалбимда чаманзор гуллагай…
Кўнгил пок кўнгилдан ичганда гулоб,
Янада яшнагай ботини гуллаб.
Азалдан ғунчалаб гулламоқ мерос,
Оқибат қовжироқ хазонрезги рост.
Қалбимда томирлар гуллагай…
Муслима Ёдгорова 24.12.2017 йил.