
Муносабат
(Бўлган воқеа)
Динга қарши кураш авж олган пайтлар эди. Туманда бир табиб аёл кўплаб касалларни доривор гиёҳлар билан даволаб, одамларнинг тақдиридан фол ҳам очар экан, деган овоза тарқалди. Унинг уйи олдида узоқ-яқиндан келган одамларнинг кети узилмасди. Ўша даврдаги мафкуравий сиёсатга кўра бу ҳолатни ўрганиш талаб этиларди. Шу ҳудуддаги жамоа хўжалиги (колхоз) партия қўмитаси раиси Бердиёр ака ҳамроҳлигида Шамсия опа яшайдиган қишлоққа бордик. Уйига излаб борсак, опа ҳамма қатори далага-ишга кетган экан. Пахта даласига бориб, опани чақиртирдик. Шамсия опа биз томонга яқинлашиб келар экан, Бердиёр акага опа билан ўзим юзма-юз суҳбатлашмоқчи эканлигимни айтиб, бизни ёлғиз қолдиришини илтимос қилдим. Опа билан саломлашгач, ўзимни таништирдим. Қайси масала бўйича келганлигимни дарҳол тушунди шекилли, кутилмаганда унинг қўллари титраб, лаблари пир-пирай бошлади. Ранги оқариб, бежо боқаётган кўзларида норозилик учқунлари чатнади. Важоҳати ўзгарди.
Қалтис вазият юзага келди, ичимдан пўртаниб келаётган ҳаяжонни босишим муҳимлигини ҳис этдим. Шу топда гўё вазминлик қалбимга сокинлик ва хотиржамлик эпкинини олиб киргандек бўлди.
Ким билади, балки унинг кўнглидаги руҳий ғалаёнга мойил ҳолат юз-кўзида акс этганмикан?!
Мен эса ҳеч нарса бўлмагандек, мулойим оҳангда яхши мақсадда келганлигимни, ҳеч қандай таъзйиқ ўтказиш ниятим йўқлигини бамайлиҳотир гапирар эканман, унинг шаштидан тушганлигини кўрдим. Балки, хайрихоҳ муносабатдан кўнгли юмшагандар. Суҳбатимиз аста самимиятга йўғрила бошлади. Муаммони ҳал этиш бўйича маслаҳат бериб, мурожаат этиши зарур бўлган муассаса манзилини тавсия қилдим. Шамсия опа хурсанд бўлиб, миннатдорчилик билдирди.
Опа билан хайрлашгач, Бердиёр ака ажабланган ҳолда менга шундай деди:
– Бу аёл билан одатий ҳолатда суҳбатлашиш жуда қийин, унинг «ғайриоддий» фаолияти ҳақида ўзи билан гаплашган киши борки, боши балога қоларди. Шамсиянинг оғзидан кўпик оқиб, жазавага тушар ва ҳатто ўзини тутолмай ерга йиқилиб тушарди. Кузатиб туриб ҳайрон қолдим. Сиз қандай қилиб у билан ҳеч қандай ғалвасиз, бамалол гаплаша олдингиз?
Муслима Ҳамроз
16.10.2023 йил

