Най бўлибон…
Нурафшон уфқда ёрқин тонг бўлиб, кўзимни очсам,
Ҳар гал қаро тун мендан аразлаб кетди нарироқ.
Ҳар дам самимий ирфон бўлибон меҳримни сочсам,
Яхшилик доим шафоат бўлиб келмас берироқ.
Сабо эдим-ку бўронларга мен, қоришиб кетдим,
Сокин булоқ эдим, дарёларга қуйилдим жадал.
Иймон ила дил ҳаловатига эришиб етдим,
Бироқ, қайси бир ғубор-чун ҳануз тўлайман бадал.
Мен бир тоғман-у зил оғирлигим ўзимга жазо,
Кенг уммон бўлиб ўз-ўзимга ҳеч чўмилолмайман.
Бул яқиним ҳам, ул йироғим ҳам чексиз бир фазо,
Нафис гулзорим гулбаргларига кўмилолмайман.
Тизгинсиз ҳаёт чизгиси тадбир ҳукмини демас,
Қайсар вақт ютган тўфонда азиз умрим қалқийди.
Хушнуд келибон, хушвақт кетмоқлик измимда эмас,
Гарчи, минг бир хил тусда товланиб умид балқийди.
Гар, най бўлибон дил наволарим бахшида этсам,
Сархуш оҳанглар сас-садосида тўлқинлангай дил.
Ва, қадр топибон ишқи куйининг қадрига етсам,
Саодатманд бир тароватига тўлгайми кўнгил.
Муслима Ёдгорова 22.05.2018 йил