
Кўнгил шаҳрида
Уммон сиёҳини ичар патқалам,
Қалбим изтиробин битмоқ шаҳдида.
Чўккан оқшомига тўкилар не дам,
Тонгги шафақларда ёнмоқ аҳдида.
Ҳар бир ёзиқлари дилдаги нолам,
Қалқиб боравергай ижод баҳрида.
Ёзсам қалб қатига, тўлғонар олам,
Андуҳ сачрагайми жазбу қаҳрида.
Зариф саҳифада битиклар қатлам,
Ҳарфлар ҳилпирайди насим ёдида.
Огоҳ томчилардан
тўйинар қалам,
Сиёҳ сирқирайди ажри додида.
Анов йироқдаги бегона одам,
Уммон шовурининг мавҳум наҳрида.
Маъно симирмоққа етмасми чидам,
Ва, сайр этолмасми
кўнгил шаҳрида.
Очқич номаларни яширар ҳакам,
Битик зарҳалида сирли нашида.
Нажиб чизиқларда
гуркирар кўркам,
Кўнгил изҳорини этгай бахшида.
Муслима Ҳамроз
09.11.2024 йил. Тошкент


Подписаться
0 комментариев
Старые