О, ишқ
О, ишқ ундинг, нурларинг порлади маҳзун қалбимда,
Ва, гўзалликка тугал айланди борлиқ.
Ёниқ шуъланг маъвосин чорлади маҳзун қалбимда,
Ошиқ дилга ярашгай ёрқинроқ ёрлиқ.
О, ишқ эндинг, қизариб қизғанди жизғанак у рашк,
Не титроқ тўлқинда тебрангай ҳислар.
Ўртанган қалбимни эзганмиа ёввойи бир рашк,
Тола-тола торида тоблангай ҳислар.
О, ишқ ёндинг, ёндириб беқарор жону жаҳоним,
Олов менимда-ми, мен ё оловдаман.
Тутаган ҳар оҳларим учганда лолдир даҳоним,
Оташ йўлга тушдим-у, рўё оловдаман.
О, ишқ тондинг, маънолар яширин, бекинди дунё,
Излашга ошиқдим мен, азоблар илашди.
Ҳайқирдим-у, келмади бирров бирор садо ва ун ё,
Қалб ҳукми аломатлар ила тиллашди.
О, ишқ қондинг, қалбим гулобини нўш этиб хушҳол,
Баъзан хушёр тортганда сиру синоат.
Дил майлига тутгил ишқ шаробин бахш этиб хушҳол,
Ҳадду чексизлик ичра топгум қаноат.
О, ишқ ишон, эркимдан айрилиб қолганим аниқ,
Тимсолингга шайланиб турган онимдан.
Булоғингдан ҳовучлаб олганим, ҳисларим тиниқ,
Гар, ошиқлик мақоми оқса қонимдан.
Муслима Ёдгорова