Камалак томади
Рангин нур жилоси гар, етса тобига,
Камалак томади кўксим гирдобига.
Нурлар симиргувчи гулоб бўламан мен,
Ишқ жилоси учун кўлоб бўламан мен.
Гулнинг тиканидан оҳ сизиб томгайдир,
Ошиқлик ловуллаб, гоҳ қизиб томгайдир.
Биргина гул учун гулзор бўламан мен,
Ишқ баёни учун изҳор бўламан мен.
Кўнглим маъвосига минг оҳанг томгайдир,
Ҳайратга йўғрилган не ҳанг-манг томгайдир.
Дилёрларга хушнуд нола бўламан мен,
Ишқ ара очилган лола бўламан мен.
Офтоб зиёсидан нурваш меҳр томгайдир,
Ёраб, кўздан кўзга сирваш сеҳр томгайдир.
Ҳар дам яхшиликка ошно бўламан мен,
Эзгулик мадҳига иншо бўламан мен.
Гўзаллик изҳорин битса ҳар бобига,
Дурлар томар чатнаб кўнгил сардобига.
Ёниб бўзлаган бир булбул бўламан мен,
Ишқида севимли сунбул бўламан мен.
Муслима Ёдгорова
Подписаться
0 комментариев
Старые