
Зомин илҳомлари
Мансуралар
“Тоғлар силжиб борар жим қулоқ тутиб…”
Нодира Афоқова
*Зомин тоғларига боқсам, ажабки, булутлар унинг елкасига бош қўйиб, ўксиб-ўксиб дардга тўйингач, ғубордан ариган марваридларни тўкаётгандек туюлди менга;
*Бир ёмғирдарахт симобдек титраб турарди тоғ сўқмоғида;
*Зумрад тоғ нафасидан яшил уфурмоқда, атроф-жавонибни соф ҳавога тўлдириб;
*Тошлар билан сирлашган тоғтерак барглари шамол илкидан қочишга уринарди;
*Баҳорда лолақизғалдоқлар қир-адирларнинг яшил тўнини безашга тушишади, шунда, тоғ ёнбағрини алвон қўнғироқлар садоси тутиб кетади, эшитяпсизми?!;
*Лола сайлида яшил ва қизил тусга бўянган туйғулар қалбингизга оқиб кира бошлайди, бағрингизни очинг!;
*Лолақизғалдоқни қўлларимдан қизғандим, қизғандим-у лола лабимга суртмоқ умидида кўзим қароғига алвон тасвирин чиздим;
*Тоғ виқорига мафтун бўлиб боқсам, унинг залворли чўққисидан юксаклик мени имлаб чақирармикан?!;
*Шафқатсиз шамоллар лолақизғалдоқ япроқларини юлқилаб, армон сочқиларга айлантиради,
*Чашмадан томчилар тирқираб оқаверади, оқаверади, замоннинг заминдан сизиб чиқаётган қатраларига ўхшаб;
*Гўзаллик излаб тоғларга чиқсангиз, ўз тоғбағрингиз ҳаловатга тўлиб тошганлигини ҳис этасиз;
*Тоғлар чорлайверади, келсангиз, кўнгил водийсида ҳамсуҳбат топгандек сўзга тўйинасиз;
*Тоғ кўксидаги чуқурликка чўкиб ётган жарлик ва дарралар сизга нимани эслатади?! Тубсизликда қолиб кетишдан қўрқмайсизми?
*Баъзи одамларни тоғга қиёсласангиз, важоҳати кўнглингизга ваҳима солади;
*Шундай инсонлар борки, маҳзун дамларда тоғдай елкасини тутиб, кўнглингизни ҳузун чўққисига кўтаради;
*Тоғлар жим-жит, мен жимитман, жимман тоғлараро. Ичимда қалдирайди тош битган тоғлар;
*Тоғлар карвони вазмин кетиб борар очун йўлида, биз эса ўткинчи аталмиш бекатда унинг силжишини сезмай қолаверамиз?!;
*Ана туман чўкди, унда Моне тасаввур этган ранго-ранг тасвирларни излайман, излайвераман. Қуёш найзаси булутларга санчилиб, уларни тиллорангга бўяб қўйган дамларни интиқиб кутаман;
*Зомин тоғларининг ҳовучини сувга лиммо-лим тўлдириб булутларга тутгулик юмуши бор;
*Хаёлларим тоғ сайрига отланади тошдан-тошга сакраб, ортидан етмоқлик душвор.
Муслима Ҳамроз
21.04.2025 йил
