Мансуралар

Ҳайрат

(Мансура)

Туйғуларим қирғоқ томонга талпинаётган ва унга тўқнашиб, ортга чекинаётган тўлқинларга ўхшайди. Ҳар тўқнашганда жаранглаб кетадиган томчилар товуши кўнглимга оқиб кириб, чексизлик жилғаларини яратади. Жилғалар уммоннинг кўз ёшлари. Ўша жилғаларда тинимсиз оқмоқ учун тўлқинларни қучаман. Тўлқин ўркачида кўтарилиш ҳаловати ва ботиғида тушиш жароҳати билан қалбим қудуғи тўла бошлайди. Ҳайрат ичиб тўлганим сайин тун ва кун чегарасида сокин сузаётган кемага айланаман. Сузаётиб ҳузурланган кўнгил оқ елкан каби ҳилпирай бошлайди. Шунда мовий тўлқинлар осмонига туташиб кетгим келади. Зумрад туйғуларга қалбимни очаман, юлдузлар порлаётган чоғда уларнинг қўшиғи янада жозибали жаранглай бошлайди. Оҳ, бу оҳанглар оҳи нақадар гўзал ва фаромуш. Ўша оҳлар қатими ила қалбим палагида латоиф кашта тика бошлайман, токи нақшлар самовий жило сочсин. Нигор назарига ишқи тушсин дея илтижо айлайман, зора, кўз гавҳарида акс топган сийратлардан воқиф этгай. Сирлар тўлқини қалбимни ўртайди ва янги тўлқинлар оғушида тахайюл ҳуснига мафтун бўлиб боқаман.

Муслима ҲАМРОЗ
13.07.2026 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x