
Яхши шеърдан яхшилик унгай
Шоир шеър ёзар экан қалби чароғон бўлганини, дунё гўзалликка тўлиб, кўнглида ранго-ранг нурлар жилва этаётганини ҳис этади. Ҳаёт симфонияси ўз кўнгил торидан таралаётганига гувоҳ бўлишни орзу қилади. Бутун олам шеърият уммонида тўлиб сузаётгандек таассуротга ғарқ бўлади. Шеърият оламига ошуфталик ижодкор учун бир бахтдир. Бахт оғушида эркаланиб ижод қилар экан унинг юрагидан дардчил томчилар дурдек тўкилаверади. Чунки ҳар бир шеърнинг туғилиши бир дард, мисраларга дув-дув тўкилган сўзлар соғинч чизгиларидир. Изтиробдан жизғанак бўлган изҳорлар қалб яраларининг излари эмасми?
Баъзан “Шеър ёзиш қийин эмас, шоир бўлиш осон эмас!”, деб ўйлаб қоламан. Шоир тун қоронғусида тушкун тушларини тушовлаб, сархуш уйқусини уйғотиб, қоғоз узра кўз нурларини тўка бошлайди. Ўз кўнгил уйида ажабтовур шамларни ёқар экан қалам тимирсикланиб йўрғалай бошлайди. Шоир унинг изидан шеър излаб чарчамайди, тунни тонгга улаб туйғуларнинг ғаройиб суратини чизаверади. Шоир мусаввирга айланган шундай дақиқаларда гўзаллик яратишга қодир ҳилқатга айланади.
Айниқса, етуклик ёшида шоир ўзи англаган ва ҳис этган ҳаёт ҳикматларини кўнгилларга етказиш дардида ёнади.
Шеърият эзгуликка хизмат қилгувчи адаб иншоларидир. Гўзал туйғулар ҳақсўзга айланиб кўнгилларга етиб борган битиклардан яхшилик уфуриб турса қандай соз. Шеърият назокатга, нафосатга эврилган сўзлар лолазоридир. Чиройидан кўзлар қувнаб, ифоридан кўнгиллар ҳузурланадиган лолагун маъводир у. Унинг шукуҳини ҳис этар экансиз, муаллиф ва шеърхонлар суҳбати тароватига гувоҳ бўлгайсиз.
Яхши шеър ташна қалбларга эзгулик уруғи бўлиб сочилсин!
Муслима Ҳамроз
17.05.2025 йил

