Нурафшон дунё (Бадиа)
Табиатда ўта ўтказувчанлик, ўта оқувчанлик каби ҳодисаларнинг мавжудлиги кашф қилиниб, тадқиқ этилган. Сиз оламлар ичра ўта ҳашаматли олам мавжудлиги ҳақида эшитганми-сиз? Ўта сирли, беқиёс жозибали бу мунаввар дунёга олиб борувчи йўл қаердан бошланади?
У шу қадар нурафшон-ки, бамисли бошингиз узра муаллақ қалқиб туради, ўзининг сеҳрга тўлиб турган маконига сизни имлайверади. Беиҳтиёр унга интиласиз, шунда нурли ёғинларни дил симириб тотади ва кўзингиз чақнаб, қалбингиз юмшайди. Аммо, унинг баланддан-да баланд чўққиларига элтувчи сўқмоқларни излаб топиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўша баландлик иқлимига бир мўралашнинг ўзи сурурли, унга мушарраф бўлган эса фарахбаҳш туйғулардан масрур бўлгай.
Туйғуларингиз равшан тортиб, фикрларингиз тозаради ва муҳташам оламингиз беқиёс чирой очиб, сизни юксакларга парвоз этишга чорлайди. Ундан таралаётган нафис садоларни тинглай олиш, унсиз имолари моҳиятини илғай олиш, гўзалликка йўғрилиб яралиш лаҳзаларини ҳис қилиш синоатларига ошно бўлмоқ илмини изланг. Ғуборлардан фориғ фазосида сузмоқ илинжида унинг рангин ва ёруғ камалагига айланиб товланмоқ нақадар соз.
Сўз сеҳрини туймоқ замирида олам меҳварига қалб кўзи билан боқмоқ, зийраклик билан жон қулоғини тутмоқ, тасаввур тизгинларини эшиб юбориб, уларнинг ортидан қанот қоқмоқ машаққатлари бор. Гўзаллик оламига ошно бўлолсангиз кўнгил мулкингизга ашъорлар, маъволар, наволар ёғилгай ва дил қулфингиз очилиб, сиз учун сайру саёҳат сарҳадлари мислсиз кенгликларга ёйилгай.
Ўткинчилиги лаҳзаларда намоён бўлишга улгурадиган мафтункор олам битикларини басир кўз-ла, тоза тил билан, самимий дил ила ўқимоқ ва уқмоқлик учун ботиний оламда зоҳир бўлмоқ мезони мавжуд. Унинг хушбўй ифори-ю, дарду ноласини, иқрорлик чизгилари-ю гўзал тасвирини мусаффо саҳифаларда нақшин этмоқликнинг ўзи нурафшонлик мужассам бўлишининг минг бир мўъжиза жилвалари эмас-ми?
Муслима Ёдгорова 5.03.2020 йил