Ижод жозибаси
Ижод сирли жараён, у ижодкорнинг қалбида, шуурида, тасаввурида уйғонадиган ўтли ҳис-туйғулар ғалаёнидир. Бу ғалаён ижодкорни гўё ўзгача оламнинг сеҳрли сарҳадлари сари етаклайди, кашф этиш сурурига ошуфта қилади.
Ҳо-ю ҳавасдан йироқ ижодий жараён шунчаки узуқ-юлуқ ҳис-ҳаяжонни ифодалаш эмас, балки тўлақонли мазмунни гўзал ва мутаносиб шаклга солиб тараннум этишдир.
Ижодкорнинг адабий билимлардан хабардорлиги, тинимсиз ўқиб, изланиши, маҳоратини ошириш учун қайғуриши унинг ўзининг туйғуларини сайқаллаштириб, маънавиятининг юксалишига хизмат қилади. Шундай экан чин маънода сўзлар воситасида ҳаёт тасвири чизилган бадиий ижоддан баҳраманд бўлган инсонда эзгу туйғулар камол топади.
Абдулҳамид Чўлпоннинг сўзларига қулоқ тутинг: “Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткир юрак қирраларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурғон булоқ суви бўлғонидан бизга ғоят керакдир.”
Ижодкор истеъдод соҳибидир. Ижод онларида у гўё жозибали бир олам фазосида мафтункор илҳом қанотларида парвоз этади, ўзининг таланти ва дунёқараши уни бошқаларнинг тасаввури етмаган самовий юксакларга олиб чиқади.
Инсон қалбида дард тўлғонмаса ижод туғилармиди, ҳайрат кўз очмаса гўзаллик юз очармиди, завқ-шавқ жўш урмаса чин шеър яратилмоғи мумкин-ми? Ижодкорга талант, иқтидор, илҳом, бадиий маҳорат кабилар зарур бўлиши билан бирга унинг қалбида инсонийлик, донишмандлик, ижодкорлик, руҳшунослик, кашфиётчилик, синчковлик, мўъжиза сеҳрига ишқибозлик сингари хислатлар қарор топган бўлиши муҳим. Илҳом келганда ижодкор қалбида туйғулар тошади, хаёлий жўшқинлик кучайиб, ички оламида йилт этган чўғ алангалана бошлайди, ҳузурбахш безовталик бутун борлиғини қамраб олади ва у атроф борлиқни унутади. Ҳар қандай ижод маҳсулидан романми, ҳикоями, шеърми, ғазалми бари-барисидан ҳайрат, дид, янгилик, образлилик, бадиийлик, поклик, самимият, жонли руҳ кабилар уфуриб турса нақадар соз.
Сиз қалам тебратиб ашъор битишни, мақола ёзиб уни чоп эттиришни истайсиз. Ҳавас сизнинг ўй-хаёлларингизни тинмай безовта қилиб, тўзғитмоқчи бўляпти-ми? Тўзғиган хаёлларингизни йиғиб олмоқ учун, тасаввурнинг ижодкорлик сарҳадларига етиб сайр этмоқ учун мутолаа дарёсига ғарқ бўлмоғингиз даркор. Сарафроз сўзларни сараламоқ, маънолар денгизи бўронларидан гўзалликка эврилиб чиқмоқ учун ўша жўшқин тўлқинлар ичра шўнғимоқ керак. Ижод фазосида сузмоқ илинжида унинг рангин ва ёруғ камалагига айланиб, товланмоқ нақадар муҳим. Ижод оташида ёниб, унинг тафтидан баҳраманд бўлмоқлик орзусида бўлсангиз аввало, ўз қалбингизда учқун ёқа олишингиз талаби борлигини унутманг. Ижод уммони соҳилида қолиб кетмаслик учун тўлқинга айланиб қулоч ота оласиз-ми? Ижод маҳсули бўлган бадиий асарларни кўп ва хўб ўқишга сабрингиз етарли-ми?
Маҳоратли ижодкор ўз ботинидаги фикр ва ҳис-туйғуларини таъсирчан сўзлар воситасида қаламга олади ҳамда гўзал сийратда ифода эта олади. Унинг тасаввур оламида ҳаяжон тўлқинлари мавжланади, илҳом баҳри жўша бошлайди. Ижод жозибаси янгилик яратиш усулида намоён бўлса, ажабмас.
Ижод бу-қалб меҳварини ёритувчи нур. Ижод бу-ишққа мубталоликдир. Ижод бу-тасаввурдаги голографик тасвирлар жилваси. Ижод бу- қалбга илҳом тўлқини оққанидаги ҳилпираган туғ. Ижод бу-қалбдан тошган баҳр тўлқини. Ижод бу-қийноқ булоғидан симириб ичмоқ, азоб довонидан дард чекиб ошиб ўтмоқ, чексизлик уммонига қулоч отиб шўнғимоқ, олов тафтли саҳрода яйраб кезмоқ, хаёлотнинг сўнгсиз осмонида парвоз этмоқ, қувонч тоғларига тирмашиб чиқмоқ, зимистондан узоқлашиб, нурга талпинмоқ бўстонда ранг-баранг ва хушбўй гуллар сараламоқ ва инсонларга уларни дасталаб тутмоқ, ўз қалбига пинҳон сайр этиб, уни эзгулик нақшлари билан безамоқдир.
Мухтасар қилиб айтганда, ижод олами-сеҳрли олам. Бу оламга ошно бўлмоқ, назм ва наср гулшанида сайр этмоқ, наво куйларига жўровоз бўлиб, жозибасига ошуфта бўлмоқ, унинг гўзаллик маъвосига эришмоқликка ҳар бир қалам соҳиби мушарраф бўлсин, деймиз.
Муслима Ёдгорова.