Мутолаа фикр булоғини очувчи калитдир
Илк бор ёзув ҳарфларига ҳайрат ва диққат билан боққан болада савод чиқариш иштиёқи пайдо бўлади. Ўқув ва ёзувнинг сеҳрли олами уни ўзига жалб этади. Такрор машқларда малака, кўникма ва билим мукаммаллашиб бораверади. Шу тариқа у тафаккур кемасига чиқиб олиб ҳаёт денгизида суза бошлайди. Орзу-умид тўлқинлари елкасидаги нажот кемасида сузаётиб узоқ ва нурафшон манзилларга етмоқлик йўлидаги барча машаққатларни енгишда бардош имкони борлигини англайди.
Ҳаёт устоз, биз унинг тириклик синовидаги шогирдларимиз, барча эҳтиёжлар қаторида китоб ўқиш эҳтиёжини ўз қалбимизга жо этмас эканмиз, ибрат олиш удуми пароканда бўлмайди, деб ким кафолат бера олади. Ахир, ҳадисларда “Бешикдан то қабргача илм изла”, дейилган-ку.
Ўқиш ва ёзиш эҳтиёжи инсоннинг қон томирига сингиб оққанидагина фикр деб аталмиш нурли туйғу тинимсиз янгиланиб ва яхшиланиб маънавий иммунитетни мустаҳкамлаши мумкин.
Китобга кўз юмган, китобдан юз буриб, ундан қўлимизни тортган ва китоб ўқимай қўйган кунимизга дарз кетади, ўқимоқ ва уқмоқ иштиёқининг хиралашганлиги туфайли кичик ёриқлар ҳам бора-бора жарликларга айланмоғи тайин. Улар қалбимизга жароҳат бўлиб кўчади ва шубҳасиз фикрларимизни ҳам синдиради. Синиқ, узуқ-юлуқ ва ночор фикрлар тафаккур дунёимизни емира бошлайди. Ва алал оқибат ичимизда бўшлиқ ҳувиллаб, мавжуд гўзалликни ҳам қувиб чиқармоғи бор. Ички оламимиз давосини китоб мутолаасидан англанган ҳикматлар мағзидан топишимиз мумкин.
Яхши асар мутолаасига шўнғимоқлик, адабиётга мубталолик, ҳикматлар гулшанида сайр этмоқлик ва китобхонлик сурурига ошно бўлмоқлик пайтида фикрат денгизи жўш ургай. Жўшқин соғлом фикрлар тўлқинида яхши амаллар қулоч отмоғи муқаррар. Қани эди китоб ўқиш орқали маънан ташна қалбимизда тафаккурнинг мусаффо булоғини очиб унга ҳаловат бағишлай олсак.
Муслима Ёдгорова 10.04.2020 йил