
Мукамбар
Ажаб, ажаб сабо чорлар йўлга чиқаман,
Намоён бўлгайдир
нурли тасвирлар.
Тоғлар эргашгайдир, наҳот чўққиман?!
Тасаввур ўйнайди, ранглар шивирлар.
“Мусфира» самодан боқар мусаввир,
Кашшоф ҳам Ўзидир, Ўзидир моҳир.
Эски улов елар, йўловчи менман,
Жавониб кўринмас, излайман. Қани?
Ломакон беҳудуд, йўқликка тенгман,
Шамол тутқичида тополмам маъни.
“Муқаддас» самони алқар мусаввир,
Кашшоф ҳам Ўзидир, Ўзидир шоҳир.
Дарахтлар тушида югурар маҳзун,
Сўқмоқнинг четида бузуқ бир корсон.
Менинг эса қайтмас йўлларим узун,
Очун даргоҳида юрибман сарсон.
“Мукамбар» самода виқар мусаввир,
Кашшоф ҳам Ўзидир, Ўзидир зоҳир.
Оловранг япроқлар аланга олар,
Тошлар нур симириб чўкади мукка.
Сарғайган майсалар қўл силкиб қолар,
Бир дам йўл туташиб кетарми кўкка.
“Мунаввар» самони ёқар мусаввир,
Кашшоф ҳам Ўзидир, Ўзидир соҳир.
Муслима ҲАМРОЗ
04.10.2025 йил
Бухоро
Изоҳ: Мусфира-нур таратувчи, порлоқ;
Муқаддас-табаррук, соф;
Мукамбар-мукаммал, ҳар тарафлама бенуқсон;
Мунаввар-нурга тўлган, равшан;
Шоҳир-шуҳратли, шавкатли; Моҳир-маҳоратли; Зоҳир-кўринмоқ; Соҳир-сеҳрли, фусункор;
Корсон-мусиқа асбобининг ковак қисми, қорни.


